Аввалроқ, ижтимоий тармоқ саҳифаларида Чилонзор туманидаги 188-мактабда ўқитувчи ўқувчини калтаклаганлиги ҳақида хабар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумот берди.
Қайд этилишча, Чилонзор туманидаги 188-сонли умумтаълим мактабида 2024 йил 23 сентябрь куни тахминан соат 15:00 лар атрофида иккинчи сменада 6-“В” синфида рус тили фани дарси маҳалида ўқитувчи Р.О.га ўқувчи Э.Г. гап қайтарган ва тортишиб қолган.
Сўнгра ўқитувчи Р.О. ўқувчи Э.Г.ни қулоғидан чўзган, ўтирган жойидан партасидан тортиб олиб чиққан ва ўқувчининг юзига тарсаки туширган. Ўқувчига тан жароҳати етказимаган, саломатлиги жойида.
Бундан хабар топган ўқувчи Э.Г.нинг ота-онаси ўқитувчининг бу хатти-ҳаракати юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишган. Айни пайтда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Таъкидланишича, рус тили фани ўқитувчиси Р.О. синов муддати билан мактабга ишга таклиф қилинган, расман у 188-мактабга ишга қабул қилинганлиги бўйича ҳали буйруғи чиқмаган ва юқоридаги воқеа унинг дастлабки иш кунида содир бўлган.