Венгрия ҳақида ўйлаганимизда, аввало, унинг улуғвор парламенти, термал чўмилиш жойлари ва уникал архитектураси билан Будапешт кўз олдимизга келади. Аммо кўпчилик пойтахтдан ташқарида қанча қизиқарли жойлар яширинганини билмайди. UzNews.uz таҳририяти Qanot Sharq авиакомпаниясининг қулай рейслари орқали битта саёҳатда Венгриянинг янги қирраларини очиш имкони ҳақида айтиб беради.
Саёҳатни мамлакатнинг иккинчи йирик ва машҳур шаҳри – Дебрецендан бошлаш мумкин. Ушбу шаҳар ўзининг эркинлик ва мустақиллик руҳи билан доимо ажралиб турган. Унинг аҳолиси қадимдан қироллар ва императорлар ҳокимияти олдида бош эгмаган. Дебрецен мамлакатнинг автономияси учун курашда тарихий роль ўйнаган.
Асосий диққатга сазовор жойлардан бири – Reformed Great Church, бу шаҳарнинг протестант меросининг рамзи бўлиб, муҳим тарихий воқеалар шу ерда содир бўлган. Бу ерда, шунингдек, Венгриянинг энг қадимий олийгоҳларидан бири, 1538 йилда ташкил этилган Дебрецен университети жойлашган.
Санъат ихлосмандлари Дери музейидаги экспозициялардан завқ олишлари мумкин, бу ерда тасвирий санъат, тарих ва этнографияга оид коллекциялар намойиш этилган. Ва, албатта, машҳур Надьёрдё термал боғи ҳам бор.
Шунингдек, Дебрецендан атиги 40 км масофада жойлашган, ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган «Хортобадь» миллий боғига бориш мумкин. Йўлда эса кўплаб қадимий шамол тегирмонлари ва Венгрия қишлоқларини кўриш мумкин.
Агар сиз қуёшли кунлар ва жанубнинг ёқимли муҳитини афзал кўрсангиз, навбатдаги манзилингиз Сегед бўлади. Бу шаҳарни кўпинча «қуёшли шаҳар» деб аташади, чунки бу ерда мамлакатдаги энг кўп қуёшли кунлар кузатилган. Масалан, 2023 йилда Сегедда тахминан 1985 қуёшли соатлар қайд этилган, бу тахминан 270 кунни ташкил қилади.
Аммо қуёшли кунлар Сегедни машҳур қилган ягона жиҳат эмас. Бу шаҳар, шунингдек, Венгрия гастрономиясининг маркази ҳисобланади. Бу ерда машҳур сегед паприкаси ишлаб чиқарилади, у анъанавий Венгрия таомларини тайёрлашда ишлатилади, шунингдек, турли гўшт маҳсулотлари ҳам тайёрланади.
1879 йилдаги тошқиндан сўнг шаҳар деярли тўлиқ қайта қурилган ва мамлакатнинг энг гўзал шаҳарларидан бирига айланган: кенг бульварлар ва модерн услубидаги нафис бинолар.
Шунингдек, Дуна, Раба ва Рабка дарёлари кесишган жойда жойлашган Дьёр шаҳрини ўрганиш ҳам қизиқарли бўлади. Уникал жойлашув шарофати билан бу ерда ҳайратланарли сув манзаралари очилади. Энг машҳур диққатга сазовор жойлардан бири бу қайиқчи ҳайкали ҳисобланади. Ушбу ҳайкал шаҳарни фақат безаб турмайди, балки шаҳарнинг 1879 йилдаги тошқиндан кейинги матонати ва мустаҳкамлигини ифодалайди. Афсонага кўра, ҳайкалнинг маълум бир қисмига тегиш омад келтиради, шунинг учун ҳар бир сайёҳ унда ўз изини қолдиришга интилади.
Дьёр фақат сув манзаралари билан машҳур эмас – уни аксарият ҳолларда балконлар шаҳри деб аташади. Бу ном шаҳарнинг қадимий биноларини безаб турган архитектура деталлари туфайли берилган.
Шаҳарнинг бой тарихи унинг архитектурасида акс этган: улуғвор соборлар, черковлар ва саройлар меҳмонларни ўтмишга олиб боради. Бу жойда маданий мерос ва табиий гўзалликлар ўртасидаги уйғунлик бутун дунёдан келган сайёҳларни ўзига тортади.
Нафақат эстетик завқ, балки маънавий бойишни ҳам излаётганлар учун навбатдаги тўхташ манзили уникал таассуротлар тақдим этади. Эстергом Венгриянинг маънавий маркази бўлиб, Венгрия католик черкови бошлиғи – архиепископнинг қароргоҳи сифатида хизмат қилади, худди Ватикан бутун дунё католицизмининг маркази бўлгани каби. Бу ерда, шунингдек, мамлакатнинг энг баланд биноси ва энг йирик собори – Эстергом базиликаси жойлашган.
Унинг баландлиги 100 метргача етади, умумий майдони эса тахминан 56 минг кв. м ни ташкил қилади. Ички қисмнинг пухта режалаштирилганлиги туфайли соборда овоз 9 сониядан ортиқ давом этадиган узоқ акс садо ёки реверберация эффектларини яратади.
Шунингдек, Венгрия монархлари истиқомат қилган Қироллик саройини ва XVIII-XIX асрларда барокко ва рококо услубларида қурилган бинолар билан ўралган Сеченьи Марказий майдонига ҳам ташриф буюриш мумкин.
Тарихга шўнғиш учун эса бир неча даврларни бошдан кечирган қадимий ва мафтункор шаҳарлардан бири – Шопронга ташриф буюриш мумкин. Шопроннинг тарихий маркази бўйлаб сайр қилиш ҳақиқий вақт саёҳатидек. Тор кўчалар ҳамда готика, ренессанс ва барокко услубидаги бинолар шаҳар меҳмонларини ўтмишга олиб кирадиган муҳитни яратади.
Шаҳарнинг ўзи катта диққатга сазовор жой. Архитектура ёдгорликлари ва музейлар сони бўйича у Будапештдан кейин иккинчи шаҳар ҳисобланади.
Шопрон 1921 йилги плебисцитдан кейин «садоқат шаҳри» деб ҳам аталади, чунки аҳоли Венгрия таркибида қолиш учун овоз бериб, Австрияга қўшилишни рад этган. Ўша вақтдан бошлаб шаҳар гербида лотинча Civitas Fidelissima – «Энг содиқ фуқаролар» ёзуви пайдо бўлди.
Бу Венгрия меҳмонларга таклиф қиладиган имкониятларнинг кичик бир қисми. Мамлакат бой тарих, маданий мерос ва табиий гўзалликларни ўзида мужассам этган қизиқарли жойларга тўла.
Саёҳатга йўл олганингизда нафақат машҳур диққатга сазовор жойларни, балки ўзининг ўзига хослиги билан ажралиб турадиган яширин дурдоналарни ҳам кашф қилишингиз мумкин. Бу ернинг ҳар бир бурчаги ўзининг бетакрор тарихини сўзлайди ва сизда узоқ вақтга хотиралар қолдиради.
Qanot Sharq авиакомпаниясининг Тошкент – Будапешт – Тошкент йўналишидаги тўғридан-тўғри рейслари Венгрияни ўзбекистонлик саёҳатчилар учун янада яқин қилади. Жадвал ва чипталар нархи ҳақида батафсил маълумотни +998 71 227 93 07 ва +998 71 227 57 71 телефон рақамлари ёки авиакомпания сайти орқали олинг.
Реклама ҳуқуқи асосида