Германиянинг “Munchner Merkur” газетаси Украина Хавфсизлик хизматига таяниб, миллиардер Алишер Усмонов ҳақида эълон қилган мақоласидаги маълумотлар нотўғри эканини тан олган. Бу ҳақда “ТАСС” агентлиги Усмоновнинг вакилига таяниб хабар берди.
Тадбиркор Алишер Усмоновнинг адвокатлари талабига кўра, ушбу ва бошқа баёнотлар ёзилган мақола олиб ташланган.
“Алишер Усмонов адвокатларининг талабига биноан Munchner Merkur нашри (Munchner Zeitungs-Verlag ҳолдингига тегишли) мақолани зудлик билан ўчириб ташлади ва жазо қўлланиши мумкинлиги огоҳлантирилган ҳолда, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатишни тақиқловчи баённомага имзо чекди. Илгари ҳам худди шу журналист – Munchner Merkur мухбири Клаус Виндль муаллифлигидаги туҳматдан иборат маълумотлар бўлган яна бир қанча мақолалар Алишер Усмоновнинг адвокатлари талабига биноан олиб ташланган”,- дейди тадбиркор вакили.
Шунингдек, у 2022 йил февраль ойида Украина ҳукумати Россиядаги “Металлоинвест” корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган ва унинг хориждаги харидорлари учун мўлжалланган темир рудаси хом ашёсининг экспортига тўсқинлик қилганини эслатди.
Юклар амалдаги шартномалар, хусусан, Европа ва Осиё истеъмолчилари учун Украина ҳудуди орқали портга транзитда бўлган, бироқ қонуний асосларсиз ҳибсга олинган.
Ўша йилнинг декабрь ойида Украина Хавфсизлик хизмати Усмонов билвосита акциядорларидан бири бўлган “Металлоинвест” ҳолдингига тегишли темир рудаси “яширин омборларда” сақлангани ва уни Россия ҳудудига экспорт қилиш режалаштирилгани ҳақида баёнот берганди.
“Металлоинвест” Украина Хавфсизлик хизматининг баёнотини расман инкор этиб, “компания ҳамкорлари ва ОАВ вакиллари атайлаб чалғитилаётгани” ва “аслида чет эллик харидорлар учун мўлжалланган эски тижорат юклари мусодара қилингани ҳақида” баёнот берганига қарамай, Munchner Merkur газетаси ўз мақоласида Украина Хавфсизлик хизматининг ёлғон маълумотларини эълон қилган”,- дея қайд этган агентлик суҳбатдоши.