Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) билан тергов қилинаётган жиноят иши доирасида аниқланишича, 1989 йилда туғилган Р.С., 1990 йилда туғилган Ю.Б. ва 1993 йилда туғилган Х.Т. бир қатор жиноятлар содир этганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу шахслар фуқароларга фоиз эвазига пул бериб, қарз олган шахснинг номида бўлган турар-жой ва бошқа кўчмас мулкларини гаров эвазига ўзининг номига расмийлаштириб олган. Фуқаролар белгиланган муддатда қарз ва фоизларини бермаган тақдирда уй-жойдан оиласи билан чиқариб юбориш ва мулкини тортиб олиш билан шуғулланиб келган. Гаровга қўйилган мулк миқдори фоиз эвазига берилган пул маблағидан 3-4 баробар кўп бўлган.
Фуқаро билан қарз ёки олди-сотди шартномаси тузилганидан сўнг улар келишилган суммадан кам миқдорда пул беришган. Фуқаро улардан 100 000 АҚШ долларини фоиз эвазига сўраса, олди-сотди ёки қарз шартномаси расмийлаштириб бўлганидан сўнг 65 000-70 000 АҚШ доллари атрофида пулларни бериб, қолган пулларни маклерлик хизмати, бошқа харажатлар учун олиб қолганлиги ҳақида ва кейинчалик фоиз тўловларни камайтириб бериши ҳамда тўловлар кечикса безовта қилмаслиги ҳақида айтиб алдаган.
Тергов жараёнида 1989 йилда туғилган Р.С., Ю.Б. ва 1993 йилда туғилган Х.Т.лар жиноят содир этганликда гумонланиб ушланган. Уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
"Агар сиз ушбу шахслардан жабр кўрган бўлсангиз ёки ушбу шахсларнинг жиноий хатти-ҳаракатлари бўйича бирор маълумотга эга бўлсангиз Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-40-97 ёки 102 рақамларига ёхуд 90-976-28-21 телеграм рақамига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади" - дейилади хабарда.