2024 йил 11 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман судида ўз аёлини ўлдирмоқчи бўлган 58 ёшли эркакка суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд порталида маълумот келтирилган.
Суд ҳужжатларига кўра, судланувчи Ю.Р. Яккабоғ тумани “Шерозий” МФЙда аёли билан яшаб, уни 2014 йилдан 2024 йилгача хиёнат қилишликда айблаб, у билан доимий низолашиб келган.
Ўз навбатида Ю.Р. 2024 йилнинг 22 апрель куни соат тахминан 20:00 ларда маст ҳолатда яшаш уйининг ҳовлисидаги супада дам олиб ётганида, турмуш ўртоғи телефонда гаплашиб, суҳбатдошига эрини назарда тутиб “ифлос уйда, эртага ишга кетганидан кейин гаплашамиз” деган гапларини эшитиб қолган.
Натижада, бундан жаҳли чиқиб, аёлини ўлдириш мақсадида ҳовлидаги 1 литр ҳажмли елим идишда турган бензинни олиб, турмуш ўртоғи ўтирган уйга кирган ва уч нафар келини, вояга етмаган ўғли ҳамда бешикда ётган невараларининг кўз ўнгида аёлининг юз ва кўкрак қисмларига баклашдаги бензинни сепиб, ўта шафқатсизлик билан ёқиб юборган.
Жабрланувчи Г.Р.ни шу ерда бўлган келинлари сув сепиб оловни ўчириб олиб, “тез ёрдам” машинасида Яккабоғ туман шифохонасига олиб келишган ҳамда тиббиёт ходимларининг кўрсатган малакали ёрдами натижасида аёлнинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Суд ҳукми билан судланувчи эркак ЖКнинг 25,97-моддаси 2-қисмининг “д" ва "ж” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топган ва унга шу модда билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.