Поиск
RUUZ

Общество

Президент Паралимпия ўйинларида юксак натижа қайд этган спортчи ва мураббийларнинг бир гуруҳини фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирлади

Давлат раҳбари ногиронлиги бўлган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган спорт турларини янада кенгайтиришга эътибор қаратишни таъкидлади.

94views0replies
8

President.uz

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 13 сентябрь куни XVII ёзги Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари билан учрашди. Бу ҳақда президент Матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда Миллий Паралимпия қўмитаси ва спорт федерациялари раҳбарлари, мураббийлар, спортчиларнинг ота-оналари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Ушбу Паралимпия мусобақасида ўзбекистонлик спортчилар 10 та олтин, 9 та кумуш, 7 та бронза – жами 26 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида дунёда 13-ўринни, Осиё қитъасида 3-ўринни, туркий ва ислом мамлакатлари ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича 1-ўринни эгаллади.
Президент спорт жамоатчилигини ушбу натижалар билан халқимиз номидан табриклаб, нутқ сўзлади.
"Паралимпия ўйинлари – бу чинакам ирода, жасорат ва матонат, эзгулик ва гуманизм намойиши. Сиз юксак марраларни эгаллаб, мусобақаларнинг ҳақиқий қаҳрамонларига айландингиз. Ўзбекистон ўз спорт тарихида кўп-кўп ютуқ ва зафарларни кўрган. Лекин Паралимпия ўйинларида бундай рекорд натижа илгари бўлмаган эди", – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари музаффар спортчиларни номма-ном тилга олиб, матонатли ғалабаларини эътироф этди. Бу гал бироз омад етишмай, медаль ололмаганларни ҳам қўллаб-қувватлаб, келгуси мусобақаларда зафар ёр бўлишини тилади.
Шу муносабат билан маросимда қаҳрамон спортчиларнинг қаҳрамон ота-оналари, оила аъзолари ҳам олқишланди.
Давлат раҳбари тажрибали мураббийлар, психолог ва бошқа мутахассисларга ҳам ташаккур изҳор этди.
"Ўзбекистоннинг ўз матонат мактаби, шон-шараф мактаби бор. Бу мактабнинг чинакам бунёдкорлари сизлар, десак, айни ҳақиқат бўлади. Сизларнинг спортдаги, ҳаётдаги ютуқларингиз ёшларимиз учун куч-ғайрат манбаи, матонат ва ибрат намунаси", – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент келгусида ногиронлиги бўлган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган спорт турларини янада кенгайтириш, уларнинг жамиятга ижтимоий мослашувини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлади.
Учрашувда 2028 йилда Лос-Анжелесда бўладиган Паралимпия ўйинларига тайёргарлик масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Аввало, янада кўпроқ спорт турлари бўйича қатнашиш, тайёргарлик ва натижадорлик юқори бўлиши учун аниқ стратегия асосида иш олиб бориш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, тиббий кўриклар, фармокология ва диетология ривожлантирилади. Паралимпиячилар билан ишлайдиган психологлар фаолиятини рағбатлантириш йўлга қўйилади.
Ўзбекистон президентининг 12 сентябрдаги фармонига мувофиқ, Париж шаҳрида бўлиб ўтган ХVII ёзги Паралимпия ўйинларида юксак натижаларга эришган спортчи ва мураббийлардан бир гуруҳи фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланган эди.
Тадбирда ана шу юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.
"Сизлар тақдирнинг ҳар қандай синовларига қарамасдан, фақат ғалабага интиладиган инсонларсиз. Интилган, ҳаракат қилган одам ҳам, жамият ҳам кам бўлмайди. Мана шундай фазилатларингиз янада зиёда бўлсин, сизларга доимо бахт ва омад келтирсин", – деди Президент.
Спортчи ва мураббийлар, ота-оналар сўзга чиқиб, юксак ҳурмат ва эътибор учун давлат раҳбарига раҳматлар айтди.
94views0replies
8

Комментарии