"UzAuto Motors" АЖ ва унинг дилерларига автомобиль етказиб бериш соҳасидаги қонунбузилиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Матбуот хизмати хабар берди.
Рақобат қўмитасига Қорақалпоғистондан фуқаро А.Д. ўзига тегишли бўлган 2023 йилда "UzAuto Motors" АЖ томонидан ишлаб чиқарилган "Lacetti L-Stayle MT" русумли автомобиль олинганига 5 ой ҳам бўлмасдан носозлиги туфайли ёниб кетганлигини, лекин ишлаб чиқарувчи томонидан ушбу ҳолат ўз вақтида бартараф этилмаётганлиги юзасидан мурожаат қилган.
Ушбу шикоят Қўмита томонидан кўриб чиқилгандан сўнг, қонунбузарлик ҳолати ўз тасдиғини топди. Бундан ташқари, айнан шу маркали автомобилда ёнғин чиқиши ҳолати Навоий вилоятида ҳам кузатилганлиги аниқланди.
Қўмита махсус комиссияси томонидан "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуннинг 14 ва 20-моддалари талаблари бузилганлиги аломатлари асосида "UzAuto Motors" АЖ ва "PSM-AVTOSAVDO" МЧЖга нисбатан иш қўзғатилди.
Ҳаётга хавф ва соғлиққа зарар бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиб, қўмита бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқарилган ушбу русумдаги 37 та автомобилни техник кўрикдан ўтказиш учун 10 кун ичида чақириб олиш мажбуриятини олди.
Шунингдек, мурожаат қилган фуқарога айни шундай маркали янги автомобиль алмаштириб берилди ҳамда истеъмолчи талаб қўйган вақтдан бошлаб ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун автомобиль баҳосининг бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлаши тўғрисида қарор қабул қилинди.