Поиск
RUUZ

Политика

Хива шаҳрида Марказий Осиё мамлакатларининг иккинчи парламентлараро форуми бошланди

Форум доирасида Танзила Нарбаеванинг уч мамлакат парламентлари палаталари раҳбарлари билан учрашуви бўлиб ўтди.

79views0replies
0

Жорий йилнинг 12 сентябрь куни кўҳна Хоразм заминида Хива шаҳрида Марказий Осиё давлатларининг иккинчи парламентлараро форуми ўз ишини бошлади.
Форумда Қозоғистон, Қирғиз, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон парламентлари раҳбарлари ва делегациялари, шу жумладан, ёшлар парламенти ва гуруҳлари, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари вакиллари иштирок этмоқда.
Анжуман аввалида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига йўллаган табригини Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева ўқиб эшиттирди.
Нарбаева ўз нутқида минтақанинг ҳамма давлатлари ўзининг келгуси тараққиётини бевосита Марказий Осиё минтақасининг барқарорлиги ва фаровонлигига узвий боғлиқ ҳолда кўришини, олий даражада эришилган келишувларни муваффақиятли амалга ошириш учун парламентлараро ҳамкорлик муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, бу борадаги алоқаларни янада фаоллаштириш ва кенгайтириш бўйича қатор таклифларни илгари сурди.
Шундан сўнг ҳар бир давлат делегацияси раҳбари ўз кириш сўзида форум аҳамияти, ундан кутилаётган натижалар, мақсад ва вазифаларига тўхталиб ўтди.
Қайд этиш жоизки, форум Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, минтақани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда парламентлараро комиссиялар, дўстлик гуруҳлари, давлат ҳокимияти вакиллик органлари, ёшлар парламентлари ҳамда хотин-қизларнинг иштирокини кенгайтириш мақсадини кўзлайди.
Форум доирасида тўртта панель сессия ўтказилмоқда ҳамда иштирокчилар қуйидаги асосий масалаларни муҳокама қилмоқда:
— Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида парламентлараро ҳамкорликнинг янги шакллари ва йўналишларини ишлаб чиқиш;
— Марказий Осиё мамлакатлари ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда парламентлараро комиссиялар, дўстлик гуруҳлари ва маҳаллий вакиллик органларининг фаол иштирокини кенгайтиришга қаратилган таклифлар тайёрлаш;
— Марказий Осиё мамлакатлари ёшлар парламентлари ва гуруҳларининг минтақа парламентлари раҳбарларига мурожаатларини юбориш;
— ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда хотин-қизлар ва ёшларнинг ролини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.
Форум якунида Марказий Осиё давлатларининг парламентлараро ташаббуслар доирасидаги келгусидаги ҳаракатлари ва ҳамкорлиги учун асос бўлиб хизмат қиладиган Хива декларацияси қабул қилинади.
79views0replies
0

Комментарии