Фарғонада Жигули автомашинаси ҳайдовчиси кўчада давлат рақамларини ечиб олган ҳолда дрифт қилгани акс этган видео ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан Фарғона вилояти ИИБ Матбуот хизмати изоҳ берди.
Аниқланишича, ушбу ҳолат Фарғона вилояти Учкўприк тумани Бешкапа МФЙ ҳудудида содир бўлган. Ҳайдовчи ўзига тегишли бўлган Ваз-2106 автомашинасини давлат рақамларини ечиб олган ҳолда дрифт ҳаракатларини амалга оширган. Ушбу ҳаракатларни амалга оширган ҳайдовчига нисбатан ИИО томонидан терговга қадар ҳаракатлари олиб борилди.
Суриштирув натижасида ҳайдовчи автомашинани яшириб қўйганлиги аниқланди ва автомобиль яшириб қўйилган жойдан топилди ва вақтинчалик сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилди.
"Ўзимга қарашли автомобилимда дрифт қилдим, бу ишимдан кейин менга қамоқ жазоси тайинланди. Қилган ишимдан пушаймонман, ҳаммадан узр сўрайман деди", - ҳайдовчи.
Ҳайдовчига нисбатан МЖтКнинг 183-моддасига биноан ҳужжатлар тўпланиб жиноят ишлари бўйича Учкўприк туманига тақдим этилди.
Суд ҳукмига кўра Жигули автомашинаси ҳайдовчисига нисбатан 15 сутка, ҳуқуқбузарлик иштирокчилари бўлган қолган икки нафарига эса 10 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.