Поиск
RUUZ

Общество

Россия-Украина урушида Россия номидан жангларда қатнашган ўзбекистонлик жазоланди

У Россияга бориб, 240 минг рубль ойлик иш ҳақи эвазига хусусий ҳарбий компания билан шартнома тузган ва Украинадаги жангда иштирок этган.

286views0replies
0

РИА Новости

Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида Россияга бориб, Россия номидан Украинага қарши жангда қатнашган эркакка суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд порталида маълумот келтирилган.
Судланувчи З.Б. ишлаш мақсадида Россиянинг Новосибирск шаҳрига бориб, у ерда Интернетда "В" хусусий ҳарбий компаниясининг эълонларини кўрган ва пул топиш мақсадида улар томонидан амалга оширилаётган Украина давлати ҳудудидаги қуролли тўқнашувларда иштирок этишни режалаштирган.
У интернетдан "В" ХҲКнинг "саll" маркази билан суҳбатлашиб, "М" ҳарбий базасига борган ва 240 минг рубль ойлик иш ҳақи эвазига шартнома тузган. Шартнома шартига кўра, у Россия ва Украина ўртасидаги Украина ҳудудида бўлаётган қуролли тўқнашувларда Россия томонидан иштирок этишга келишган.
Моддий манфаатдорлик эвазига низолашаётган Россия ва Украина томонидан олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатларида иштирок этиб, Украина ҳудудида Россия манфаатига хизмат қилиб, жанговар топшириқларни бажариб келган.
2023 йил 20 сентябрь куни Россиянинг Подольск шаҳрига олиниб келиниб, Россия Федерацияси фуқаролигини олиш таклиф қилинганида фуқаролигини олмаганлиги учун "В" ҳарбий компанияси томонидан шартнома бир томонлама бекор қилиниб, ҳарбий базадан чиқариб юборилгани сабабли 2023 йил 24 сентябрь куни Москва-Тошкент йўналишидаги ҳаво транспортида Ўзбекистонга қайтиб келган.
Б.З.нинг Донец Халқ раҳбари томонидан берилган "За освобождение Артемовска" номли медали ашёвий далил тариқасида олинган.
Судланувчи З.Б. судда, унга эълон қилинган айбловга тўлиқ иқрорлигини билдириб, у ногирон турмуш ўртоғи, онаси, синглиси ва уч нафар фарзандлари жами етти киши икки хонали уйда яшаб келишлари, у ва турмуш ўртоғи ошхонада яшаб келиши, оиласида ёлғиз боқувчи бўлгани ҳамда ишлаб пул топиб каттароқ уй сотиб олиш учун мазкур ишни қилганини билдирган.
Суд ҳукми билан З.Б. ЖК 154-моддасининг 1-қисмида қайд этилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган ва унга ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
286views0replies
0

Комментарии