Бугун, 11 сентябрь куни ФИБ Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро судида даъвогар Қодиров Ботир Шералиевични жавобгарлар Жўраев Шоҳжаҳон Шерали ўғли ва Жўраев Зоҳиршох Шерали ўғлига нисбатан оталик тартибини белгилаш ҳақидаги даъво аризаси кўриб чиқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари Матбуот хизмати раҳбари хабар қилди.
Суд қарорига кўра, даъвогар Қодиров Ботир Шералиевичнинг жавобгарлар Жураев Шоҳжаҳон Шерали ўғли ва Жураев Зоҳиршох Шерали ўғлига нисбатан оталик фактини белгилаш ҳақидаги даъво аризаси - қаноатлантирилиб, марҳум Шерали Жураевни 1981 йил 05 майда туғилган Қодиров Ботир Шералиевичга нисбатан оталик факти белгиланди.
"1981 йил 5 майда туғилган Қодиров Ботир Шералиевични Андижон шаҳар ФҲДЁ бўлимида 1983-йил 11-мартда 12-сон билан қайд этилган туғилганлик ҳақидаги далолатноманинг ота устунига Шерали Жўраев деб кўрсатилсин", — дея қайд этди судья Ўтанбоева.
Таъкидланишича, ушбу ҳал қилув қарори бир ойдан кейин кучга киради. Норозилар Тошкент шаҳар суди ФИБ судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят қилиши мумкин.