Ўзбекистонда коррупцион жиноятларни содир этган 566 нафар шахс 2023 йилда давлат хизматига қайта қабул қилинган ва яна коррупцияга қўл урган. Бу ҳақда депутат Умида Раҳмонова Қонунчилик палатасининг йиғилишида маълум қилди.
Йиғилиш давомида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов реестр қачон ишга тушиши бўйича ҳисобот берди.
Бурҳоновнинг сўзларига кўра, дастлабки қонун лойиҳаси 2022 йил бошида ишлаб чиқилиб, ўтган вақт давомида вазирлик-идоралар билан келишилган ва жорий йил бошида Президент администрациясига киритилган.
“Лекин администрация томонидан бир қатор эътирозлар бўлди, халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда янада такомиллаштириш бўйича вазифа юклатилган эди. Биз вазифалардан келиб чиқиб, қонун лойиҳасини янада такомиллаштирдик. Шу кунларда яна бир марта охирги версиясини Президент администрацияси орқали Қонунчилик палатасига киритишни режалаштирганмиз. Ўйлайманки, шу ой охирига қадар бу қонунни сизларнинг эътиборингизга кўриб чиқиш учун киритамиз”,- дейди Бурҳонов.