Жорий йилнинг 5 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди қишлоқ хўжалиги вазирининг собиқ ўринбосари Алишер Тўраев, унинг қизи Анаис Тўраева ҳамда қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази собиқ ҳисобчиси Мансур Қўзибековга нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда UzNews.uz’га Тошкент шаҳар суди матбуот котиби хабар қилди.
Аниқланишича, Алишер Тўраев ўзининг мансабдорлик мавқеидан фойдаланиб, 1 млн туп узум кўчатини етказиб бериш бўйича бўйича Виночиликни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан ўтказилган 10 млрд сўмни ўғлига тегишли бўлган De Nova Agro компаниясига ўтказган. Ўша пайтда компания директори унинг қизи Анаис Тураева бўлган.
Қайд этилишича, Алишер Тўраев мазкур маблағни талон-торож қилиш мақсадида ўзига содиқ бўлган бир неча шахслар аъзолигида ва ўзининг раислигидаги узумнинг “in-vitro” шароитида яратилган навларини етиштиришни ташкил этиш бўйича тендер комиссиясини шакллантирган.
Манфаатлар тўқнашувига қарамай, собиқ вазир ўринбосари унинг ўғли Бекжон Тўраев таъсисчи бўлган De Nova Agro компаниясининг тендер савдоларида ғалаба қозонган ва 1 млн дона “in-vitro” шароитида узум кўчатларини етиштириш бўйича қиймати 9 млрд 950 млн сўмлик шартнома тузишга эришилган.
Суд материалларига кўра, De Nova Agro компанияси томонидан Миллий марказга мазкур кўчатлар ҳақиқатда етказиб берилмаган бўлса-да, узум кўчатларини қабул қилиб олганлиги тўғрисидаги сохта электрон ҳисоб-фактураларни тузиб, расмий ҳужжатларни такроран сохталаштирилган.
De nova agro МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказилган 9 млрд 950 млн сўм эса талон-торож қилинган.
Суд ҳукми билан Алишер Тўраев ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан 2 йил муддатга давлат ташкилотида раҳбарлик, моддий ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Мансур Қўзибеков шу каби моддалар учун 5 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилган.
Анаис Тўраева Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми "а" банди ва 28-моддани қўллаган ҳолда 209-моддаси 2-қисми "а" банди (мансаб сохтакорлигида шериклик) бўйича 5 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган. Ҳукм ижроси 2027 йилнинг 8 июлига — 2024 йилнинг июль ойида туғилган ўғли уч ёшга тўлгунига қадар кечиктирилган.\
Судланувчи А.Тураев, М.Қўзибеков ва А.Тураевалардан солидар тартибда 9,95 млрд сўм пул маблағи давлат фойдасига ундирилиши белгиланди.
Шунингдек, А.Тураев ва М.Қўзибековлардан солидар тартибда 509 млн 128 млн 900 сўм пул маблағи давлат фойдасига белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Собиқ Қишлоқ хўжалиги вазирига устидан суд жараёни бошлангани ҳақида хабар қилгандик.