Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси хабарига кўра, Франциянинг Париж шаҳрида XVII ёзги Паралимпия ўйинлари ўз якунига етди. 28 август – 8 сентябрь кунлари ўтказилган Ўйинларда Ўзбекистон делегацияси муваффақиятли иштирок этиб, илк бор 10 та олтин, 9 та кумуш ва 7 та бронза, жами 26 та медалга сазовор бўлди.
Бу билан Ўзбекистон паралимпиячилари медаллар жамғариш бўйича ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этиб, умумжамоа ҳисобида 13-ўринни эгаллади. Ушбу натижа билан делегация Осиё мамлакатлари орасида Хитой ва Япониядан кейин учинчи, шунингдек, Марказий Осиё, Ислом бирдамлиги ва Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида энг яхши кўрсаткичга эга бўлди.
Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинлари иштирокчилари делегацияси бўлган самолёт Тошкентга соат 18:00 да қўнади.
Чемпионлар Тошкент аэропортида (маҳаллий аэропорт, 3-терминал) тантанали равишда кутиб олинади. Тантанали кутиб олиш маросимидан сўнг Паралимпия спортчилари бўлган автобуслар кортежда шаҳар бўйлаб ҳаракатланади.