Поиск
RUUZ

Общество

Тошкентда сўнгги технологияли онкология маркази ишга тушди: энди йилига 6 мингта юқори технологик операциялар ўтказилади

Мустақилликнинг 33 йиллиги муносабати билан Тошкентда замонавий онкология маркази очилди. Президент мазкур марказни бориб кўрди.

142views0replies
1

president.uz

Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида муҳим лойиҳалар, таълим ва тиббиёт масканлари, инфратузилма иншоотлари фойдаланишга топширилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 29 август куни пойтахтдаги шундай бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Янги мажмуа 9 та иншоотдан иборат бўлиб, асосий бинолар 8 қаватли. Уларда шифокор ва беморлар учун керакли шароитлар инобатга олинган. 1-қаватда поликлиника ва ташхис ускуналари, 2-қаватда лаборатория, стационар, реанимация ва жарроҳлик хоналари, юқори қаватларда палаталар жойлашган. Ерости қисмида радиотерапия, ядро тиббиёти бўлими, хўжалик хоналари бор.
Аввалги шифохона 370 ўринли эди. Янги марказда 650 та стационар ва 80 та кундузги ўринлар ташкил этилди. Шунингдек, бир кунда 500 нафар бемор амбулатор шароитда даволаниши мумкин.
Биз таълим ва тиббиётга алоҳида эътибор бераяпмиз. Чунки одамлар билимли бўлиб, соғлом бўлса, ўз йўлини топади. Бу марказ ҳам шундай ишлардан бири. Бу лойиҳага 1,2 триллион сўм ажратиб, "нолдан" қурдик. Барча онкология шифохоналарини жиҳозлашга 80 миллион доллар йўналтирилди. Эндиги асосий вазифа - ходимларни ўқитиб олиш, самарали бошқарувни йўлга қўйиш, - деди Шавкат Мирзиёев.
Марказда Европа ва АҚШ стандартлари асосида ташкил этилган 17 та янги клиник бўлим, 18 та жарроҳлик хонаси, 42 та реанимация ва интенсив терапия хоналари ташкил этилган. Улар жаҳон тиббиётида қўлланилаётган энг сўнгги техникалар билан жиҳозланди.
Жарроҳлик бўлимида йилига 6 мингта юқори технологик амалиётлар ўтказиш имконияти бор. Жумладан, жуда долзарб бўлган суяк кўмиги трансплантацияси йўлга қўйилади. Янги ускуналар ёрдамида кўз, ҳалқум ва қизилўнгач қисми ўсмаларини кесмасдан олиб ташлаш мумкин. Қовуқ ўсмалари кам инвазив усулда бартараф этилади. Буларнинг самарасида беморлар тезроқ тузалиб, 3-5 кунда уйига қайтиши мумкин.
Интенсив терапия бўлимида ҳар бир ётоқ ўрни юрак мониторлари, ўпкани сунъий шамоллатиш мосламалари ва бошқа замонавий ускуналар билан жиҳозланган.
Нур билан даволаш учун илк бор ядровий тиббиёт бўлими ишга туширилмоқда. У 9 та бункердан иборат бўлиб, бирида тўхталишлар юз берган тақдирда ҳам бошқаларига ўтказилиши натижасида муолажа узлуксизлиги таъминланади. Чизиқли тезлаткичларда нур билан даволашнинг VMAT, SMAT каби янги усуллари татбиқ қилинади.
Амбулатор кимё терапия 72 нафар беморга мўлжалланган. Янги инфузомат ускуналари олиб келингани натижасида бу даво осонлашади ва тезлашади.
Президент марказда иш жараёнини рақамлаштириш, беморларга қулайликларни ошириш бўйича кўрсатмалар берди.
"Энг асосий топшириқ - рақамлаштириш. Одамлар сарсон бўлмасин, навбатда туриб қийналмасин. Бу марказ фақат Тошкент учун эмас, уни ҳудудлардаги 15 та шифохона билан шундай боғлаш керакки, беморлар ўзининг келиш вақтини, докторини олдиндан билсин. Бунинг учун сунъий интеллектни кенгайтириб, инсон омилини камайтириш керак", - деди давлат раҳбари.
Марказ ўзининг ҳудудлардаги филиаллари билан ягона электрон платформага уланади ва республикада “канцер-регистр” тизими ишга туширилади. Бунинг натижасида назоратда турган барча онкологик беморлар ҳақидаги маълумотлар яхлит кўриниб туради.
142views0replies
1

Комментарии