Бугун, 28 август куни Тошкент шаҳридаги 298-мактабда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, мутасадди вакиллар ва ОАВ иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуман давомида вазир фан олимпиадасида ғолиб бўлган ўқувчилар қандай рағбатлантирилиши ҳақида тўхталиб ўтди.
"Авваллари, олимпиадада ютган ўқувчилар Олий таълимга кириш имкониятига эга бўлган. Сўнгра Президентимиз қарорига мувофиқ, фан олимпиадаларида ўрин олган ўқувчиларни ҳам рағбатлантириш тизими йўлга қўйилди. Нафақат ўқувчиларнинг ўзлари, балки уларнинг устозлари ҳам рағбатлантирилади",- дейди Ҳилола Умарова.
Таъкидланишича, ахборот технологиялари, математика, физика, кимё ва биология фанидан ўтказиладиган олимпиадалар асосий фан олимпиадалари ҳисобланади.
"1-ўрин (олтин) медаль олган ўқувчиларни БҲМнинг 500 баравар, 2-ўрин (кумуш) олган совриндорлар БҲМнинг 300 баравар, 3-ўрин (бронза) медалини қўлга киритган ўқувчиларни БҲМнинг 200 баравари миқдорида рағбатлантириш белгилаб қўйилган.
Шунингдек, яна бир нарсага эътибор қаратишингизни хоҳлардим, фан олимпиадалари ҳар йили бўлади, спортдаги олимпиадалар эса 4 йилда бир маротаба ўтказилади. Ўзи ғолиб бўлган ўқувчилар ҳар йили сентябрь ойида тақдирланади. Балки бизнинг камчилигимиз тақдирлаш маросимини кенг миқёсда ўтказмаганлигимиздир",- дея қайд этди вазир.