Бугун, 28 август куни Президент Шавкат Мирзиёев XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари билан учрашди.
Тадбирда Миллий Олимпия қўмитаси ва спорт федерациялари раҳбарлари, мураббийлар, спортчиларнинг ота-оналари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам қатнашди.
Давлат раҳбари спортчиларни ушбу улкан тарихий ғалаба билан табриклаб, нутқ сўзлади.
– Сизлар ғоят кескин беллашувларда юксак жасорат ва матонат кўрсатиб, 8 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медални қўлга киритганингиз мамлакатимизнинг тараққиёт борасидаги юксак салоҳиятини ифода этадиган ёрқин натижадир. Бу тарихий ғалаба Янги Ўзбекистон ёшлари қандай буюк ишларга қодир эканини яна бир марта амалда намойиш этди. Мамлакатимиз иштирокчи давлатлар орасида умумжамоа ҳисобида 13-ўринни, Осиё қитъасида 4-ўринни, туркий ва ислом мамлакатлари ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича 1-ўринни эгаллади. Барчамизни қувонтирган бу натижалар Ўзбекистон тарихида илгари ҳеч қачон бўлмаган ютуқлардир, – деди Шавкат Мирзиёев.
Аввалроқ, 23 августдаги президент фармонига мувофиқ, Олимпия ўйинларида юксак натижаларга эришган спортчи ва мураббийлардан бир гуруҳи фахрий унвон ва орденлар билан тақдирлангани ҳақида хабар қилган эдик.
Тадбирда ана шу юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.