Поиск
RUUZ

Бизнес

Ўзбекистонда пулни қаерга йўналтириш мумкин: мавжуд инвестицион ечимларнинг таҳлили

Ўзбекистон бозори шиддат билан ривожланиб, маблағ киритиш учун тобора кўпроқ имкониятларни таклиф этмоқда. Анъанавий банк омонатларидан бошлаб венчур сармояларигача – қайси молиявий воситалар барқарор даромад келтира олади?

122views0replies
0

Ëшлар ишлари агентлиги

Ўз жамғармаларини сақлаш ва кўпайтириш ҳақида ўйлайдиган ҳар бир инсон олдида савол пайдо бўлади: пуллар қаерга инвестиция қилинса, улар ишлайди ва барқарор даромад келтиради?
Ўзбекистон бозори шиддат билан ривожланаётган шароитда инвестиция имкониятлари тобора кенгайиб бормоқда. Бироқ, ушбу хилма-хиллик орасида айнан сизга мос келадиган вариантларни аниқ билмасангиз, хато қилишингиз мумкин. Молиявий мақсадларингизга, муддатларингизга ва сиз тайёр бўлган хавф даражасига мос келадиган ечимларни танлаш жуда муҳим ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистонда қуйидаги инвестицион имкониятлар мавжуд:
Кўчмас мулк
Кўчмас мулк доимо инвестиция қилишнинг асосий усулларидан бири бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда. Ўтган йилларда Тошкент ва бошқа йирик шаҳарларда уй-жой нархларининг барқарор ўсиб бориши ушбу бозорнинг жозибадорлигини таъминлаган. Аммо, бу йил нархларнинг ўсиши секинлашиб, турғунлик аломатлари пайдо бўлишни бошлади, бу эса инвесторларда саволлар туғдирмоқда. Бозорнинг тўйинганлиги, талабнинг ўзгариши ва ташқи иқтисодий вазиятнинг таъсири каби омиллар кўчмас мулкка маблағ киритишни янада синчковлик билан таҳлил қилишни тақозо этмоқда. Инвесторлар учун нафақат қийматнинг ўсишини, балки капиталнинг музлаб қолиши ва объектларнинг чекланган ликвидлиги билан боғлиқ бўлган эҳтимолий хатарларни ҳам ҳисобга олиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Банк депозитлари
Банк депозитлари кафолатланган даромад таклиф этгани боис барқарорликни афзал кўрувчи сармоядорларни ўзига жалб этади. Депозитларнинг энг муҳим афзалликларидан бири уларнинг ишончлилигидир – омонатларни суғурталаш тизими билан ҳимояланганлиги сабабли капитал йўқотиш хавфи паст ҳисобланади. Лекин, яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси давлат кафолати татбиқ этиладиган банк омонатларига чеклов киритишни назарда тутувчи ҳужжатни қабул қилди. Чеклов миқдори 200 миллион сўм этиб белгиланди. Бундан ташқари, депозитларни бошқариш осон: улар молия бозорларини чуқур билишни ёки сармоядорнинг фаол иштирокини талаб қилмайди. Яна бир устунлиги – олдиндан башорат қилиш мумкин бўлган ва бозор тебранишларига боғлиқ бўлмаган қатъий даромадлиликдир. Сармоядорлар учун депозитлар капитални сақлаш ва чекланган бўлсада, барқарор даромад олишнинг қулай усули бўлиб қолмоқда.
Бироқ, депозит омонатларининг айрим сармоядор гуруҳлари учун жозибадорлигини йўқотишига сабаблардан бири исломий молиялаштиришга бўлган қизиқишнинг ортиб бораётганидир. Унинг тамойилларига кўра, белгиланган фоизлардан даромад кўриш мақбул эмас, чунки бу фойда ва зарарни адолатли тақсимлаш ғоясига зид келади. Натижада, ушбу қоидаларга амал қилувчи сармоядорлар ўзларининг ахлоқий эътиқодларига мос келадиган муқобил воситаларни афзал кўрадилар, бу эса анъанавий банк депозитларининг оммалашувини янада чеклайди.
Улушдорлик асосида инвестициялар
Улушдорлик инвестиция қилишнинг Ўзбекистонда ҳали кенг тарқалмаган шакли ҳисобланади. Бироқ, вазият аста-секин ўзгариб бормоқда, айниқса қизиқарли лойиҳалар, масалан, Way II пайдо бўлиши билан. Way II лойиҳасининг ўзига хос томони шундаки, у исломий молиялаштириш қоидаларига амал қилади: даромад реал бизнес фойдаси асосида шаклланади, бунда фоизлар ва спекуляциялардан фойдаланилмайди. Бу эса, ўз навбатида, ушбу лойиҳани ислом молияси меъёрларига риоя қилувчи инвесторлар учун янада жозибадор қилади. Инвесторлар бизнеснинг улушдори бўлиш билан бирга, ўз улушларини иккиламчи бозорда сотиш имкониятига ҳам эга бўладилар, бу эса лойиҳанинг ликвидлигини оширади. Ушбу формат ишончли инвестицияларни излаётганлар учун ҳам, молиявий манфаатдорлик ва ислом молияси талабларини уйғунлаштирувчи замонавий ечимларга интилаётган инвесторлар учун ҳам қизиқарли таклиф ҳисобланади.
Акциялар ва облигациялар
Қимматли қоғозлар бозори юқори даромад олиш имкониятини тақдим этади, аммо бу бозорга кириш учун савдо механизмларини чуқур тушуниш ва хавфларга тайёр бўлиш зарур. Акциялар юқори волатиллик билан ажралиб туради, бу эса катта фойда келтириши мумкин бўлганидек, йўқотишларга ҳам олиб келиши мумкин. Облигациялар эса барқарорроқ даромад таклиф қилади, аммо бу ҳолатда даромад чегараланган бўлиб қолади.
Стартаплар ва венчур инвестициялари
Венчур инвестициялари ва стартаплардаги иштирок юқори даромад олиш имконияти учун хавф-хатарни қабул қилишга тайёр бўлганлар учун жозибали. Бироқ, бундай сармоялар катта ноаниқлик ва узоқ муддатли қайтиш билан боғлиқ. Ҳамма стартаплар ҳам муваффақиятга эришавермайди, шунинг учун йўқотиш эҳтимоли жуда юқори.
Инвестиция воситасини танлаш кўплаб омилларга боғлиқ: таваккалчилик даражаси, инвестициялаш мақсадлари ва активларни бошқаришда афзалликлар. Кўчмас мулк ва депозитлар консерватив сармоядорлар учун, акциялар ва стартаплар — юқори даромад олиш учун таваккал қилишга тайёр бўлганлар учун мос келади. Way II каби янги форматлар эса анъанавий ва замонавий ёндашувларнинг афзалликларини бирлаштирган ҳолда мувозанатли ечимни таклиф қилади.
122views0replies
0

Комментарии