Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиши ва турар жойи бўйича хабардор қилиши тартиби тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Бугунги кунда фуқароларимиз мамлакат ҳудуди бўйлаб эмин-эркин ҳаракатланмоқда, шу жумладан Тошкент шаҳри ва вилоятида турар жой сотиб олиш, ишга жойлашиш, тиббий ва бошқа ижтимоий хизматлардан тўсиқсиз фойдаланмоқда, чет давлатларга ҳеч қандай қийинчиликларсиз бориб келишмоқда.
“Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Қонун сабабли фуқароларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтказишда бюрократик тўсиқлар юзага келмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси билан юқорида таъкидланган Қонун бекор қилиниб, республика бўйича фуқароларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтишининг ягона тартибини жорий этиш, шунингдек, вақтинча турган жой бўйича рўйхатдан ўтиш тартибини такомиллаштирган ҳолда турар жой бўйича хабардор қилиш тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда.
Эндиликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти учун алоҳида, бошқа вилоятлар учун эса алоҳида рўйхатга олиш тартиби бўлмайди, бундай амалиётдан воз кечилади, республика бўйича бир хил тартиб амал қилади.