Айни пайтда Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинлари учун барпо этилаётган Олимпия шаҳарчасида қурилиш ишлари жадал давом этмоқда. Спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов ва Қўмита раиси ўринбосари Азизжон Комилов қурилиш ишларини кўздан кечиришди, дея хабар бермоқда МОҚ Матбуот хизмати.
Ўрганиш давомида мутасаддилар объектларнинг бугунги кундаги ҳолати билан яқиндан танишишди. Уларга жараён учун масъул мутахассислар бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида тўлиқ маълумот беришди.
Қайд этилишича, ҳозирги кунга келиб, металл конструкция ишлари аллақачон якунланган бўлиб, объектларнинг ташқи қисмини ёпиш жараёни кетмоқда. Қурувчилар ҳар бир деталга алоҳида аҳамият қаратилаётгани, фойдаланилаётган маҳсулотларнинг аксарияти пишиқ материаллардан тайёрланаётганини қўшимча қилишди.
Суҳбат давомида ўйинлардан кейин объектлардан самарали фойдаланиш масаласи ҳам яна бир карра кўриб чиқилди. Расмийлар ўрганиш чоғида иш самарадорлигини ошириш борасида керакли тавсияларни бериб ўтишди.