28 август – 8 сентябрь кунлари XVII Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон спортчиларининг биринчи гуруҳи Парижга етиб келди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар қилди.
"Шарль де Голь" халқаро аэропортида мамлакатимиз спорт делегациясини Ёзги Паралимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси вакиллари, Ўзбекистоннинг Франциядаги дипломатик миссияси ходимлари кутиб олди.
Мусобақалар бошланганига қадар спортчиларимиз Франциянинг Оксре ва Ажен шаҳарларида паратлетика ва парасузиш бўйича ўтказиладиган йиғинларда қатнашади. Атлетларимиз машғулот майдонларига етиб келгач, иқлимга мослашиш, соғломлаштириш бўйича зарур чора-тадбирлардан ўтадилар ва Паралимпия мусобақаларига тайёргарликнинг якуний босқичига киришадилар.
Эслатиб ўтамиз, XVII Паралимпия ўйинлари жорий йилнинг 28 августидан 8 сентябрига қадар Парижда бўлиб ўтади.
"Париж-2024" ёзги Паралимпия ўйинларида Ўзбекистоннинг 65 нафар матонатли атлетлари 113 та йўлланмани қўлга киритган. Улар енгил атлетика, сузиш, дзюдо, пауэрлифтинг, каноэда эшкак эшиш, эшкак эшиш, таэквондо, отиш ва велоспорт каби спорт турларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.