Кеча, 11 август куни кечқурун Париж шимолидаги “Стад де Франц” стадионида 2024 йилги ёзги Олимпия ўйинларнинг расмий ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимни 71 500 томошабин томоша қилди. Олимпия байроғи 2028 йилги Олимпия ўйинларига мезбонлик қиладиган Лос-Анжелесга топширилди.
Тантанали маросим учун 2024 йилги Олимпиада ўйинларида қатнашган 200 дан ортиқ давлатдан 9 минг нафар спортчи ва ёрдамчи жамоалар аренанинг ўзида йиғилди. Ўзбекистон байроғини таэквондочи Улуғбек Рашитов олиб ўтди.
Ўзбекистонлик спортчилар муросасиз беллашувлар давомида 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза, жами 13 та медал қўлга киритиб, 206 мамлакат орасида 13-ўринни эгаллади. Осиёда тўртинчи, шунингдек, МДҲ, Марказий Осиё минтақаси, Ислом бирдамлиги ва Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида энг яхши кўрсаткичга эга бўлди.
Олимпиадаларда илк бор дзюдочиларимиз 3 та, таеквондочиларимиз эса 2 та медалга сазовор бўлишди. Гарчи совринли ўринларга кўтарила олмаган бўлсалар ҳам қолган иштирокчиларимиз шиддатли баҳсларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишди. Атлетларимиз Олимпия ўйинларида футбол, сувга сакраш, камондан отиш ва аёллар кураши дастурларида дебют қилди.