ДХХ хабарига кўра, “Тошкент-Фарғона” йўналишида ҳаракатланаётган, Марғилон шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган шахс бошқарувидаги Damas “Наманган” ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилди.
Натижада, автотранспорт воситасининг орқа ўриндиғига яшириб қўйилган 9 кг. 573 гр. “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. Шунингдек, терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, мазкур шахснинг яшаш хонадонидан ҳам 2 кг. 779 гр. “гашиш” ва 1 кг. 29 гр. “опий” моддалари ҳужжатлаштириб олинди.
Тезкор тадбир давомида, ушбу фуқаронинг Фарғона ва Марғилон шаҳарларида истиқомат қилувчи, 1987, 1989 ва 2003 йилларда туғилган шериклари ҳам қўлга олинди.
ДХХнинг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда Тупроққалъа туманида ўтказилган тезкор тадбирда “Самарқанд-Хоразм” йўналишида ҳаракатланаётган, Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги KIA тўхтатилиб, кўздан кечирилди.
Натижада, автомашинада 2 кг. 821 гр. “опий” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Аниқланишича, у Тожикистонда яшовчи фуқародан ҳар бир килограммини 6500 АҚШ долларидан сотиб олган ушбу наркотик моддани Хоразм вилоятидаги гиёҳвандфурушларга сотишни режалаштирган.