Тошкент вилояти прокуратурасининг маълумотига кўра, 26 июль куни оат 01:30 ларда Оққўрғон тумани "Х.Олимжон" МФЙда яшаган Т.М. “Қўштепа” МФЙдаги автомобилларни ювиш шохобчасида маст ҳолатда бўла туриб, жамоат тартибини бузганлиги сабабли, ИИБга маҳаллий аҳоли томонидан мурожаат қилинган.
Чақирувга асосан келган ИИО ходимлари Т.М.нинг мастлик ҳолати тарқалгунига қадар Бўка тумани Тиббиёт бирлашмасига қарашли тиббий ёрдам кўрсатиш пунктига, яъни “ҳушёрхона”га олиб бориш учун ўзларига бириктирилган хизмат автомашинасида ҳаракатланган.
Автомашинанинг орқа ўриндиғида ўтирган фуқаро Т.М. ИИО ходимларидан қочиб қутилиш мақсадида, автомашина орқа эшигини елкаси билан итариб очган ва ҳаракатланиб кетаётган автомашинадан ўзини ерга ташлаб юборган.
Бўка туман Тиббиёт бирлашмасининг маълумотига кўра, Т.М.да “бош қисмининг ички ва ташқи жароҳатлари, шилинган, бурун суяги синиши ва бошқа тан жароҳатлари ҳамда алкоголь мастлик ҳолати” аниқланган.
Т.М.да жарроҳлик амалиёти ўтказиш зарурати сабабли Бекобод тумани марказий шифохонасига олиб борилган, бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан бир қатор тергов ҳаракатлари ўтказиш мақсадида, Оққўрғон тумани прокуратураси томонидан ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда ИИО ходимлари ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, тергов жараёни вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.