Оғир атлетика спорт тури бўйича ўзбекистонлик спортчи Сардор Лапасов Бутунжаҳон антидопинг кодексининг 2.1-моддасида кўрсатилган антидопинг қоидабузарлигини содир этганлиги сабабли 4 йил муддатга дисквалификация қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон миллий антидопинг агентлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, спортчидан мусобақа даврида олинган допинг синамасида спортда тақиқланган "Кленбутерол" моддаси борлиги аниқланган. "Кленбутерол" моддаси 2024 йилги тақиқланган моддалар рўйхатига киритилган.
Дисквалификация жазо муддатини ўтаётган шахс (спортчи, мураббий в.х.к) дисквалификация муддати тугаганга қадар халқаро ва миллий тоифадаги мусобақалар ва ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этиши тақиқланади.
Агар юқоридаги талаблар бажарилмаган тақдирда ушбу спортчига умрбод дисквалификация муддати қўлланилиши мумкин. Шунингдек, кодексда спорт федерацияси ёки ассоциациясига нисбатан ҳам жазо чораси қўллаш мумкинлиги белгиланган.