Андижон вилояти божхона бошқармаси тезкор тузилмалари ва “Дўстлик” чегара божхона пости ходимлари томонидан тегишли ташкилот ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.
“Дўстлик” чегара божхона пости орқали пиёда равишда кириб келган йўловчилардан бирининг қўл сумкаси белгиланган тартибда кўздан кечирилган. Натижада унинг ичида гўёки кир ювиш порошоклари дея кўрсатилган, аслида эса жами 33 кг оғирликдаги 11 дона қадоқда “прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддасига ўхшаш модда яшириб қўйилгани аниқланди.
Шундан сўнг, тезкор-қидирув тадбирлари пойтахтнинг “Олой” бозори атрофида давом эттирилиб, ушбу порошокларни қабул қилиб олувчи 2 нафар шахслар ҳам қўлга олинди.
Қолаверса, тезкор тадбирнинг навбатдаги манзили Юнусобод туманидаги 2 та хонадон бўлди. Негаки, кучли таъсир қилувчи моддалар айнан ушбу хонадонларга
етказилиши керак эди.
Шунингдек, Юнусобод туманидаги 2 та хонадонларни ижарага олган 2 нафар шахс бу ерда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қўлбола усулда тайёрлаш ва қадоқлашга мўлжалланган яширин лабораторияларни ташкил қилишган.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу лабораторияларда қиймати салкам 2,1 млрд сўмлик 56,5 кг.га яқин кучли таъсир қилувчи моддалар, 90 дона “Тропикамид”, 1020 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари, 15 минг дона “Регапен” бўш капсулалари ва 11 минг дона “Тропикамид”нинг бўш идишлари ҳамда 24 дона лаборатория жиҳозлари борлиги аниқланди.
Ўтказилган кўп босқичли тезкор тадбирлар якунида жами қиймати 7 млрд 570 млн сўмлик кучли таъсир қилувчи дори воситалари ва уларни тайёрлашда ишлатиладиган прекурсорлар ҳамда лаборатория жиҳозлари далилий ашё тариқасида олинди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.