Жорий йилнинг 19 февраль куни Жиззах вилоятидаги маҳаллаларнинг бирида жойлашган "Н.Ш" оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси назоратсиз қолиши оқибатида чиқиб кетиб, вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.
Аниқланишича, оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида шу йилнинг 15 февраль куни боғчага қатновчи 18 нафар болалар рўйхатига 3 ёшли қизалоқ киритилмаган ҳолда қабул қилинган. Шу куни тарбиячилар эътиборидан четда қолган қизалоқ 2 нафар дугонаси билан ўзлари билмаган ҳолда боғчадан чиқиб кетган.
Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, 3 ёшли қизча кўлмакка тушиб кетиши оқибатида вафот этган.
Ушбу ҳолат юзасидан Жиззах вилояти жиноят ишлари бўйича Дўстлик туман судида тарбияланувчини назоратсиз қолдирган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ходимларига нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи М.Ф. (аёл) ЖКнинг 116-моддаси 3-қисми ва 167-моддаси 2-қисми "г" бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ЖКнинг 59 ва 61-моддалари тартибида 3 йил муддатга мактабгача ва мактаб таълими соҳасида ҳар қандай мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 4 йил 1 ой муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.
Судланувчи. Т.Д. (аёл) ЖКнинг 116-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топилди ва унга шу модда билан ЖКнинг 45-моддасини қўллаб 3 йил муддатга мактабгача ва мактаб таълими соҳасида ҳар қандай мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 4 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.
Судланувчи У.А. (эркак) ЖКнинг 205-моддаси 1-қисми ва 209-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ЖКнинг 59-моддаси тартибида 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 1 йил 6 ой муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.