Наманган шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Олабуқа туманида яшовчи, 1985 йилда туғилган фуқароси ҳамда Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида истиқомат қилувчи, 1980 ва 1998 йилларда туғилган 2 нафар шахс ўзаро келишган ҳолда Қирғизистондан айланма йўллар орқали олиб кирилган 16 800 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 36 минг АҚШ долларига сотган вақтларида қўлга олинди.
Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса, Шайхонтоҳур туманида яшовчи, 1982 йилда туғилган фуқаронинг ёни ва автомашинаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда 15 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, унинг таниши бўлган, 1978 йилда туғилган муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахснинг Учтепа туманидаги яшаш хонадони кўздан кечирилганда, 2 967 дона “Регапен” дори воситаси борлиги маълум бўлиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, “Фарғона-Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган Nexia Сергели тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унда Фарғона шаҳрида яшовчи, 1989 йилда туғилган фуқарога тегишли 1 400 дона “Регапен”, 30 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи, 1989 йилда туғилган шахснинг Lacetti русумли автомашинаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унда 6 034 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур фуқаронинг яшаш хонадонидан ҳам 2 800 дона “Регапен” дори воситалари олинди.
Таъкидлаш лозимки, барча ҳолатларда мусодара қилинган кучли таъсир қилувчи дори воситалари Қирғизистондан Ўзбекистонга контрабанда йўли билан олиб келинган.
Ҳозирда ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.