Поиск
RUUZ

Общество

Депутатликка номзодларнинг 40 фоизини хотин-қизлар ташкил этди

Хотин-қизларнинг вакиллик органлари сайловларига кенг жалб қилиш борасидаги нормалар такомиллаштирилиб, парламентда ва маҳаллий кенгашларда хотин-қизлар улушини оширишга қаратилган ислоҳот амалга оширилди.

90views0replies
0

UzNews.uz

Куни кеча Марказий сайлов комиссияси Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови юзасидан сайлов кампанияси бошланганлигини эълон қилди. ТДЮУ Конституциявий ҳуқуқ кафедраси ўқитувчиси Лайло Аслонова хотин-қизларнинг сайлов ҳуқуқлари ҳақида ўз фикрини билдирди.
Жорий йилги сайловларнинг аҳамиятли жиҳатлари қаторида сайловлар нафақат янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ, вакиллик органларининг давлат ҳокимияти тизимидаги ўрни сезиларли даражада кучайтирилган шароитда илк маротаба бўлиб ўтишини, балки аёлларнинг вакиллик органларидаги иштироки кафолатлари тобора кенгаяётганлигини ҳам кўрсатиш мумкин.
Глобаллашув даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Хусусан, хотин-қизларнинг сиёсий жараёнларда иштироки тобора ортиб бормоқда ва бу ҳолатни сайлов жараёнларида ҳам кузатиш мумкин. БМТнинг 1952 йилги Аёлларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясида аёллар ҳар қандай сайловларда эркаклар билан тенг шароитларда, ҳеч қандай камситишларсиз овоз бериш, ҳамда сайланиш ҳуқуқларига эга эканликлари белгилаб қўйилган.
Сайлов қонунчилиги янги таҳрирдаги Конституциядаги принциплар ва илғор демократик стандартларга мос равишда ўзгартирилди. Хусусан, хотин-қизларнинг вакиллик органлари сайловларига кенг жалб қилиш борасидаги нормалар такомиллаштирилиб, парламентда ва маҳаллий кенгашларда хотин-қизлар улушини оширишга қаратилган ислоҳот амалга оширилди.
Унга мувофиқ, хотин-қизлар сони бир мандатли сайлов округлари бўйича, шунингдек, партия рўйхати бўйича сиёсий партиядан депутатликка номзодлар сонининг камида 40 фоизини ташкил этиши лозим. Бунда сиёсий партиялар партия рўйхатини тузишда ҳар беш номзоддан камида иккитаси аёл бўлиши кераклиги тўғрисидаги қоидага амал қилиши шарт. Ушбу қоида ҳам Қонунчилик палатаси сайловларида, ҳам маҳаллий кенгашлар депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловларда амал қилади.
Вакиллик органларига бўлиб ўтган сўнгги сайлов натижалари таққосланадиган бўлса, барча партиялар номзодларнинг камида 30 фоизи аёллардан иборат бўлиши лозимлиги ҳақидаги қонун талабини бажарган. Жумладан, партиялар томонидан кўрсатилган номзодларнинг 41 фоизини аёл номзодлар ташкил этган. Ушбу ҳолат ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси томонидан ҳам ижобий баҳоланган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон тарихида илк маротаба 2019 йилги сайловлар натижасида, миллий парламентда хотин-қизлар улуши 32% етиб, БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди. Маҳаллий кенгашларда эса депутатларнинг 23 фоиздан зиёдини хотин-қизлар ташкил этди.
Депутатликка номзодлар сонининг камида 40 фоизини аёллар ташкил этишига норманинг киритилиши, биринчидан, давлат бошқарувида аёллар сонининг кўпайишини, сиёсий қарорлар қабул қилишда гендер тенглигига эришишни таъминлайди.
Иккинчидан, бундай чоралар сиёсий соҳада гендер дискриминациясини камайтиришга ёрдам беради, сиёсатда аёллар учун тенг имкониятларни таъминлайди.
Учинчидан, хотин-қизлар, айниқса, ижтимоий масалаларга кўпроқ юракдан ҳис қилиб ёндашади. Шунинг учун ижтимоий соҳадаги масалаларда қонунлар ва сиёсий қарорларни қабул қилиш самарадорлиги ва сифати ошади. Маргарет Тэтчер таъбири билан айтганда: "Оилада юзага келадиган муаммоларни тушунадиган ҳар қандай аёл, мамлакатни бошқаришда юзага келадиган муаммоларни тушуна олади".
Мазкур ўзгаришлар хотин-қизларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги ролини кучайтириш ҳамда уларнинг сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қилиши, шубҳасиз.
90views0replies
0

Комментарии