Бугун, 24 июль куни Қорақалпоғистонда ўлим билан боғлиқ бўлган аянчли йўл-транспорт ҳодисаси акс этган видео ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон ИИВ Матбуот хизмати изоҳ берди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 22 июль куни соат 19:05 атрофида Қўнғирот тумани "Елабат ППЖ" ҳудудида 1994 йилда туғилган Қўнғирот туманида яшаган М.Н. ўзига тегишли бўлган Lacetti автомашинасини Қўнғирот тумани марказидан "Қорақалпоғистон" ППЖ томонга бошқариб кетаётиб, руль бошқарувни йўқотиши оқибатида қарама-қарши томонга чиқиб кетган. Бунинг натижасида ўз йўлида қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган, 2001 йилда туғилган У.Д. бошқарувида бўлган Cobalt автомашинаси билан тўқнашиб йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Ушбу ЙТҲ натижасида Lacetti ҳайдовчиси М.Н. ва унинг йўловчиси, 1986 йил да туғилган А.Б. ҳамда Cobalt ҳайдовчиси У.Д. ҳодиса жойида вафот этган.
Шунингдек, Lacetti йўловчиси 1975 йилда туғилган Б.Т. ҳамда Cobalt йўловчилари 1993 йилда туғилган Т.А. 1997 йилда туғилган К.Т. 1971 йилда туғилган К.К. 1994 йилда туғилган С.Р.лар Қўнғирот тумани тиббиёт бирлашмасига тан жароҳати билан ётқизилиб, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан олган тан жароҳати оқибатида ўзига келмасдан вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан ЖКнинг 266-моддаси 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.