Жорий йил 11 июль куни жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судининг очиқ суд мажлисида ижтимоий хавфли қилмишни содир этган, ЖКнинг 158-моддаси 3-қисми, 154-моддаси 4-қисми ва 244-1-моддаси 3-қисми "г" бандида назарда тутилган ижтимоий хавфли килмишни содир этганликда айбланган И.Б.га нисбатан юритилган жиноят иши кўриб чиқилди.
Дастлабки тергов ҳужжатларига кўра, И.Б. Ўзбекистон президентига тажовуз қилиш мақсадида, 2023 йил март ойи бошида ўзининг номига расмийлаштирилган телефон рақами билан Redmi 8-I уяли алоқа воситасидан Facebook ижтимоий тармоғида шахсий профилни яратиб, ушбу тармоқдан фойдаланиб келиши давомида 2023 йил март ойи бошидан 2023 йил май ойи охирига қадар бўлган вақт оралиғида "Ока жон" номли каналнинг муҳокама бўлимида Ўзбекистон президентини ҳақорат қилганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, И.Б. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Конституциявий тузумга тажовуз қилиш мақсадида Facebook ижтимоий тармоғида "Ока жон" номли канални муҳокама бўлимида "Ўзбекистон куфрга тўлган, уни қўлга олиш керак ва халифалик бўлиши керак" деб ёзиб ушбу муҳокама бўлимида мавжуд фуқаролар орасида Конституциявий тузумини ағдариш мақсадида фитна уюштириш, фуқароларни ҳокимиятни босиб олишга қаратилган даъват қилиб келганлиги аниқланган.
Б.И. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғояларини тарқатиш мақсадида Facebook ижтимоий тармоғида "Ока жон" номли канални муҳокама бўлимида диний экстремизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарқатиб келаётганлиги аниқланган.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи И.Б. ЖКнинг 158-моддаси 3-қисми, 154-моддаси 4-қисми ва 244-1-моддаси 3-қисми "г" бандида кўрсатилган ижтимоий хавфли қилмишни ақли норасолик ҳолатида содир этган деб топилди.
ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД 3-минтақавий ҳудуд 7-сон тергов ҳибсхонасида сақланаётган И.Б.га нисбатан ЖКнинг 93-моддаси "г" бандига асосан кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий тартибда даволаниш чоралари белгиланди ва уни даволаниш учун ССВга қарашли Тошкент Республика кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасига юборилиш белгиланди.