Кеча, 14 июль куни Андижон вилояти Хўжаобод туманидан оқиб ўтувчи Шаҳрихонсой каналидан кичик ёшдаги шахснинг жасади топилди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати.
Хўжаобод туманидаги “Шаҳрихонсой”дан топилган тахминан 5-6 ёшли қизалоқ Ош шаҳридаги оиладан экани тасдиқланмоқда. Юборилган фотосурат орқали Ошдаги оила вакили бу қизалоқ унинг ўз оиласидан эканини тасдиқлаган.
"Ҳозирда оила вакили Хўжаобод тумани сари йўлга чиққанини билдирган. Вилоят ҳокимлиги ва тегишли органлар томонидан мазкур оилани қўллаб-қувватлаш ҳаракатлари ташкил этилди", - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 14 июль куни Қирғизистоннинг Ўш вилоятида тоғ ва адирликларида кузатилган жала ёмғирлар ёғиши оқибатида Андижон вилоятида кучли сел оққан. Бунинг оқибатида Хўжаобод ва Жалақудуқ туманлари орасидаги кўприкларидан бири қулаб тушди.