Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман суди “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев ва яна 36 нафар судланувчига нисбатан қўзғатилган жиноят ишини кўриб чиқишни якунламоқда.
Ўзбекистон Олий суди матбуот хизматининг UzNews.uz'га маълум қилишича, 10 июль куни бўлиб ўтган суд мажлисида прокурор судьядан Бахтиёр Қудратуллаевни 20 йилга озодликдан маҳрум этишни ва уни ўта хавфли рецидивист сифатида тан олишни сўраган.
Бундан ташқари, прокурор Қудратуллаевнинг ўғиллари Бекзод Зафаров ва Ихтиёр Қудратуллаевни мос равишда 11 ва 12 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган.
Кейинги суд мажлиси 15 июль куни бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, 2 декабрь куни пойтахт ИИБ томонидан Тошкент шаҳрида “кўча болалари" ва жиноий гуруҳларни аниқлаш ҳамда қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилган эди. Жами 100 дан ортиқ киши ҳибсга олинган, улар орасида “Саидазиз медгородок” номи билан Саидазиз Саидалиев ва “Салимбай” лақабли Салим Абдувалиев ҳам бор.