Жорий йилнинг 3 июль куни соат 19:30 атрофида Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар Шукрона МФЙдаги уйларнинг бирида ижара асосида яшовчи С.М. Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилиб, шу йилнинг 3 июль куни соат 19:00 атрофида ишдан яшаш хонадонига келганида уйнинг меҳмонхона қисмида 2011 йилда туғилган вояга етмаган фарзанди С.К.нинг жасади ётганлигини маълум қилган. Бу ҳақда UzNews.uz'га Бош прокуратура Матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.
Ҳодиса содир бўлган жой тезкор-тергов гуруҳи аъзолари иштирокида кўздан кечирилиб, процессуал тартибда баённома расмийлаштирилган. Ҳодиса жойидан бармоқ излари, 2 дона ёстиқ, 2 дона пиво спиртли ичимлигининг елим идиши, 2 дона қулфлар ашёвий далил тариқасида олинган.
Марҳума С.К.нинг мурдаси ташқи томондан кўздан кечирилганда, унинг олд пешона соҳаси чап томонида, бўйин олд соҳаси чап ва ўнг юзаси ўрта қисмида, чап сон соҳаси ўрта қисмида кўкимтир тусдаги қонталашлар ва қорин олд девори ўнг ёнбош соҳасида кўндаланг жойлашган чизиқли шилинма каби жароҳатлар борлиги аниқланган.
Марҳума С.К.нинг мурдаси кўздан кечирилиб, судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган.
Янгиер туманлараро суд тиббий экспертизаcининг 2024 йил 3 июльдаги (бирламчи) 43-сонли маълумотномасида вояга етмаган С.К.нинг ўлимига бўйин аъзоларининг қисилиши, бўғиш натижасида келиб чиққан механик асфиксия сабаб бўлганлиги қайд этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан 3 июль куни Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда жиноят иши бўйича вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
"Ушбу жиноятни фош этиш юзасидан вилоят прокуратураси ва ИИБ ходимларидан иборат таркибда тузилган тергов-тезкор гуруҳи томонидан жиноятни содир қилган шахсни аниқлаш юзасидан тезкор-тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Жиноят содир этганликда гумон қилинаётган Ю.Х.ни қидириб топиш бўйича вилоят ИИБга алоҳида топшириқ берилган. Ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракати давом эттирилмоқда", - дейилади Бош прокуратура берган маълумотда.