Аввалроқ, Қашқадарёда Н.А. (аёл) вояга етмаган 2009 йилда туғилган Ч.Т.ни (қиз бола) ўзининг уйида 7 ой давомида мажбуран сақлаб келиб, зўрлик ва таҳдид орқали уни турли шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келгани ва ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар қилган эдик.
Маълум қилинишича, вояга етмаган Ч.Т. отаси Ғ.Ж.нинг қарамоғида бўлиб, онаси Х.С. 2023 йил январь ойида Россияга ишлаш учун кетган ва бугунги кунгача яшаш манзилига қайтиб келмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан суд иши ЖИБ Шаҳрисабз туман судида кўриб чиқилган. Бу ҳақда Болалар Омбудсмани Ахборот хизмати хабар қилди.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи Н.А. (аёл) ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми «а,г» бандлари (одам савдоси) ҳамда 127- моддаси 3-қисми (вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) билан 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Бундан ташқари, судланувчилар A.F. (эркак) ва Ш.У. (эркак) ЖКнинг 118-моддаси 3-қисмининг «а» банди (номусга тегиш), 135-моддаси 3-қисми «а,г» бандлари (одам савдоси), 127-моддасининг 3-қисми (вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) билан айбли деб топилиб, уларга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилди.
Мазкур ҳукм юзасидан судланувчилар томонидан апелляция тартибида шикоят берилган. Бироқ Қашқадарё вилояти суди апелляция тартибида мазкур шикоятларни кўриб чиқиб, биринчи инстанция суди ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган.
"Вояга етмаган жабрланувчи Ч.Т. га ҳозирда Болалар омбудсмани ва тегишли ташкилотлар томонидан зарур бўлган барча ижтимоий ҳуқуқий ва психологик кўмак кўрсатилмоқда",- дейилади хабарда.