Поиск
RUUZ

Политика

Шавкат Мирзиёев ШҲТ олдида турган қатор вазифаларни илгари сурди

Президент Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилишида нутқ сўзлади.

116views0replies
17

president.uz

Президент ўз нутқида ушбу саммит халқаро вазият кескинлашаётган бир шароитда бўлиб ўтаётганини таъкидлади. Янги вайронкор можаролар пайдо бўлмоқда, глобал ва минтақавий хавфсизликка хавф ва таҳдидлар кучайиб бормоқда. Бу давлатлар ўртасида ўзаро ишонч камаяётган, қарама-қаршилик ва зиддиятлар ортиши натижасида геосиёсий кескинлик тобора ўсаётган вазиятда кечмоқда, деди давлат раҳбари ўз нутқида.
Давлат раҳбари бу ҳолат давлатлар ўртасида ўзаро ишончнинг сусайиши, қарама-қаршилик ва рақобат кучайиб бораётгани, натижада геосиёсий кескинлик кучайиб бораётгани фонида рўй бераётганини таъкидлади. Шунингдек, халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва тамойиллари тез-тез бузилаётганини қўшимча қилди.
"Бундай мураккаб вазиятда ШҲТнинг асоси бўлган тамойилларга содиқлигимизни сақлаш ва янада мустаҳкамлаш фавқулодда муҳимдир. Ана шу тамойиллар туфайли Ташкилот бугунги ютуқларга эришди, халқаро масалаларда юксак нуфуз ва барқарорлаштирувчи ўринга эга бўлди.
Ҳозирги кунда ШҲТ ҳамжиҳатлиги заифлашишига йўл қўймаслик муҳимдир. Биз “ШҲТ оиласи” жипслигини кучайтиришимиз, биргаликда ривожланиш тамойилини ҳаётга изчил татбиқ этиб, очилаётган янги имкониятлардан максимал даражада фойдаланишимиз зарур.
Бунинг учун бизда барча шарт-шароитлар мавжуд. Жаҳон аҳолисининг 40 фоиздан ортиғи, глобал ялпи ички маҳсулотнинг чорак қисмидан кўпроғи мамлакатларимиз ҳиссасига тўғри келади. Ҳеч шубҳасиз, ушбу беқиёс салоҳиятни рўёбга чиқариш биздан иқтисодий шерикликнинг янги моделларини шакллантиришни ва ШҲТ доирасида барқарор ривожланишнинг узоқ муддатли кун тартибини ишлаб чиқишни талаб этади", — деди президент.
Давлат раҳбари ШҲТ олдида турган энг долзарб вазифаларни белгилаб берди:
Биринчидан. Глобал даражада ишонч тақчиллиги мисли кўрилмаган даражага чиққан шароитда умумий хавфсизлигимизни таъминлашда янги ёндашувларни излаш зарурати ўсиб бормоқда.
Шу боис, ҳозирги пайтда умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ҳамжиҳатлик бўйича биз илгари сурган Самарқанд ташаббусининг аҳамияти ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир.
ШҲТнинг Яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик кодекси қабул қилиниши ҳозирги янги шароитда мулоқотни мустаҳкамлаш ва кўп томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш имконини беради, деб ҳисоблаймиз.
Иккинчи. Иқтисодий соҳада ҳамкорлик бўйича стратегик юксалишга эришиш.
Ўзбекистоннинг Ташкилотга аъзо давлатлар билан савдо айланмаси ўтган йил якунлари бўйича 20 фоиз, жорий йил бошидан буён эса яна 15 фоизга ўсди.
ШҲТ доирасида савдо жараёнларини соддалаштириш бўйича битимни ишлаб чиқиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз. Ҳужжатга савдодаги тўсиқларни бартараф этиш, техник регламентлар ва сертификатлаш, фитосанитария ва ветеринария назорати тизимларини яқинлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни киритиш мумкин.
Бундан ташқари, трансчегаравий электрон тижоратни ривожлантириш бўйича жаҳондаги тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда, ушбу соҳада амалдаги рақамли савдо платформалари интеграциясини кўзда тутувчи ҳамкорлик дастурини тайёрлашни таклиф этамиз.
Учинчи. Саноат кооперацияси дастурларини қўллаб-қувватлаш.
Энг аввало, инфратузилма, саноатнинг юқори технологияли тармоқлари ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқишни таклиф этамиз. Бунда ушбу лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини пухта ўйлаб кўриш, ШҲТ Жамғармаси ва Тараққиёт банкини ташкил этиш масаласини кўриб чиқишга қайтиш муҳим.
Тўртинчи. “Шарқ–Ғарб” ва “Шимол–Жануб” йўналишлари бўйича инклюзив транспорт тизимларини шакллантириш мамлакатларимиз иқтисодий салоҳиятини самарали ривожлантириш имконини беради.
Алоҳида таъкидлаб айтаман: транспорт йўлаклари кўп вариантли бўлиши – бу бутун минтақамиз барқарор ривожланишининг энг муҳим шартидир.
Шунингдек, Логистика жараёнларини рақамлаштириш режасини ишлаб чиқиш, шу жумладан, мамлакатларимиз чегаралари орқали ўтадиган маҳсулотлар ҳақидаги маълумотларнинг электрон алмашувини ташкил этишни таклиф қиламиз.
Бешинчи. ШҲТ маконида замонавий ва ишончли энергетика инфратузилмаларини кенгайтириш.
Биз Ўзбекистонда “яшил” энергетикани жадал ривожлантириш бўйича катта дастурни қабул қилдик. Йилига икки гигаватт қувватли қуёш ва шамол электр станцияларини ишга туширмоқдамиз. Саноат даражасида “яшил” водород ишлаб чиқариш лойиҳаси устида иш бошланди.
Қайта тикланадиган энергетикага инвестиция ва технологияларни жалб этишни рағбатлантириш бўйича ҳамкорликнинг комплекс режасини ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
Олтинчи. Жадаллаштирилган рақамли трансформация.
Бизнинг фикримизча, рақамли иқтисодиётга ўтиш, “сунъий интеллект”ни, илғор IT қарорларни жорий этиш мамлакатларимиз рақобатбардошлигида ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир. Шу борада билимлар, тажриба ва энг яхши амалиётлар алмашуви, IT паркларнинг тизимли ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида “ШҲТ келажак технологиялари” дастурини ишлаб чиқиш тарафдоримиз.
Еттинчи. Ижтимоий ривожланиш ва ҳимоя соҳасида ШҲТ мамлакатлари ҳамкорлиги бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этамиз.
Ишончим комилки, аҳоли ҳаёт даражасини юксалтириш ва ҳудудларни, биринчи навбатда, қишлоқ жойларни ривожлантириш бўйича аниқ вазифаларни амалга ошириш 2030 йилгача мўлжалланган энг муҳим мақсадларга эришиш йўлида умумий ҳисса бўлади.
Саккизинчи. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва уларни етказиб бериш имкониятлари номма-ном акс эттирилган мамлакатларимизнинг агросаноат соҳасидаги салоҳияти ҳақидаги маълумотларни бирлаштирадиган “ШҲТ озиқ-овқат хавфсизлиги атласи” қўшма электрон платформасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Хавфсизликка таҳдид солаётган замонавий хавф ва хатарларга қарши курашишда мамлакатларимиз ваколатли органлари фаолиятини яқиндан мувофиқлаштиришни, шу жумладан, ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси йўналишида давом эттириш зарур.
Президент Марказий Осиёнинг ажралмас қисми бўлган қўшни Афғонистондаги минтақа барқарорлигига бевосита таъсир этаётган вазиятга ҳам эътибор қаратди.
"Ишончим комилки, Кобул билан мулоқотларни сақлаш бутун минтақанинг хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт борасидаги манфаатларига мос келади. Тобора кўпроқ давлатлар буни тушуниб етмоқда. Шу муносабат билан, “ШҲТ–Афғонистон” мулоқот гуруҳининг фаолиятини қайта тиклаш ҳақидаги таклиф ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда", — деди Шавкат Мирзиёев.
Сўнггида президент Ўзбекистон ШҲТни янада ривожлантириш жараёни тарафдори эканлигини ва Ташкилот фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифларни қабул қилишга тайёр эканини яна бир бор тасдиқлади.
116views0replies
17

Комментарии