Поиск
RUUZ

Политика

Шавкат Мирзиёев Остонада Хитой раҳбари билан учрашди — фото

Қозоғистонда Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпин ўртасидаги музокаралар бўлиб ўтди.

81views0replies
12

president.uz

Остона шаҳрига амалий ташриф доирасида 3 июль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой раиси Си Цзиньпиннинг музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Матбуот хизмати хабар қилди.
Етакчилар кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишларида улкан ютуқларга эришилганини таъкидладилар. Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми 14 миллиард долларга етди. Яқин истиқболда бу кўрсаткични 20 миллиард долларга етказиш имкониятлари қайд этилди.
Яқинда Жиззах вилоятида Ўзбекистон-Хитой технопарки ишга туширилгани ва минтақамизда биринчи бўлиб "BYD" электромобиллари ишлаб чиқарила бошлангани мамнуният билан қайд этилди.
Хитойнинг етакчи молиявий тузилмалари билан ҳамкорлик кенгаймоқда. Хусусан, "Ипак йўли" жамғармаси билан инвестиция платформаси яратилди, Хитой Эксимбанки кўмагида Тошкентда Олимпия шаҳарчаси қурилиши якунланмоқда. Ушбу банкнинг Тошкент шаҳрида ҳудудий филиали очилиши кутилмоқда.
Ҳудудлараро алмашинувлар фаоллашгани юқори баҳоланди. Йил бошидан буён Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари раҳбарлари бир неча бор Хитойга ташриф буюрди, Шинжон-Уйғур автоном райони, Анхой, Цзянси, Цзянсу, Чжэцзян, Шандун, Шэнси ва Шанхай музофотлари делегациялари Ўзбекистонда бўлди. Пекин, Урумчи ва бошқа бир қатор шаҳарларда савдо уйлари очилди.
Келгуси йилда иккинчи Ҳудудлар форуми ўтказилиши белгилаб олинди. Шавкат Мирзиёев ХХР Раисини камбағалликка қарши курашиш соҳасида амалий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаётганини алоҳида таъкидлади. Бу муҳим йўналишда тажриба алмашиш бўйича узоқ муддатли дастур қабул қилиш таклифи билдирилди.
"Бир макон, бир йўл" ташаббуси доирасида транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш ва минтақани ривожлантиришда стратегик аҳамиятга эга бўлган Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича амалий ишларни тез фурсатда бошлаш муҳимлиги таъкидланди.
Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Ўзбекистон томонининг "ягона Хитой" сиёсатини қўллаб-қувватлаш ва "уч ёвуз куч"га қарши курашиш борасидаги позицияси ўзгармас экани тасдиқланди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, "Марказий Осиё - Хитой" формати ва бошқа халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасидаги яқин ҳамкорлик давом эттирилади.
Яқинда Тошкентда Марказий Осиёдаги Конфуций институтлари форуми бўлиб ўтади. Мамлакатимизда ХХР олий ўқув юртлари филиалларини очиш, Хитойнинг профессионал таълим тизими - "Лу Бан устахонаси"ни кенг жорий этиш режалари белгиланди. Иккинчи Таълим форумини келгуси йилда ўтказиш таклифи билдирилди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон Президенти ХХР Раисини Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этди.
81views0replies
12

Комментарии