Тошкент шаҳар Сергели туманида ёнғин содир бўлгани акс этган видео ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ФВБ Матбуот хизмати изоҳ берди.
Бугун, 13 июнь куни соат 11:49 да Тошкент шаҳар Сергели тумани 6А даҳасида очиқ майдонда қуруқ ўт ва шох-шабба ёниб кетди. Ҳодиса содир бўлган жойга 2 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 11:43 да етиб бориб, ёнғин соат 11:55 да ўчирилган.
Содир бўлган ёнғин натижасида очиқ майдонда қуруқ ўт ва шох-шабба ҳамда 1 та носоз ҳолда турган юк автомобили ёниб зарарланган.
Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар тўғрисида ФВБга маълумот келиб тушмаган.