Поиск
RUUZ

Общество

Ўзбек халқининг шаъни ва қадр-қимматини ошкора камситувчи хорижликларнинг Ўзбекистонга кириши тақиқланади

Хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон ҳудудида бўлишини номақбул деб топиш асослари ва тартибини белгиловчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

176views0replies
0

UzNews.uz

Қонунчилик палатаси депутатлари "Ўзбекистонда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида"ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди ва парламент қуйи палатасига тақдим этди.
Қайд этилишича, мазкур қонун лойиҳаси глобаллашувнинг замонавий шароитида Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаш зарурати билан боғлиқ.
Қозоғистон, Озарбайжон, Россия, Польша, Беларус ва Хитой каби мамлакатларнинг илғор тажрибасидан келиб чиққан ҳолда қонун лойиҳасида бир қанча янгиликлар таклиф этилган.
Хусусан, аввало, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни мамлакатга кириши тақиқланган деб тан олиш асослари ва тартиби белгиланди.
Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигига зид бўлган, давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни келтириб чиқарувчи, ўзбек халқининг қадр-қиммати ёки тарихини таҳқирловчи, шунингдек, шаънини камситишга қаратилган оммавий баёнотлар ёки ҳаракатлар фуқароларнинг Ўзбекистонда бўлишини номақбул деб эълон қилиш учун асос бўлади.
Мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган хорижий фуқаролар ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг 5 йил муддатга Ўзбекистонга кириши, банкларда ҳисоб рақамларини очиши, кўчмас мулк сотиб олиши, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиши, молиявий ва шартномавий муносабатларга киришиши тақиқланади.
Вақтинчалик ёки доимий истиқомат қилувчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистонда бўлиши номақбул деб топилган тақдирда, Ўзбекистон ҳудудида яшаш ва бўлиш ҳуқуқи қонуний равишда бекор қилинади ва шахс депортация қилинади.
Шу билан бирга, қонун лойиҳасида мамлакат ҳудудида бўлиши тақиқланган шахсларни депортация қилиш асослари ва тартиби белгилаб берилган.
Хусусан, шахс Ташқи ишлар вазирлигидан унинг мамлакатда бўлиши номақбул деб топилганлиги тўғрисида билдиришнома олган кундан бошлаб 10 кун ичида Ўзбекистонни ихтиёрий равишда тарк этиши шарт.
Агар шахс белгиланган муддатда ихтиёрий равишда мамлакатни тарк этмаса, у бошқа ваколатли органлар томонидан мажбуран чиқариб юборилади.
176views0replies
0

Комментарии