Поиск
RUUZ

Общество

Президент ИИВнинг Мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш марказига борди

Давлат раҳбари қатор топшириқлар бериб, маълумотларни қайта ишлаш маркази ташкил этилиши ва соҳага сунъий интеллектни кенг жорий қилиш кераклигини таъкидлади.

140views5replies
5

Бугун, 7 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаментининг Мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш марказини бориб кўрди.
Бу марказ Ўзбекистонда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегияси доирасида ташкил этилган. Мажмуа мукаммал таъмирланиб ва замонавий жиҳозланиб, шу йил мартда ишга туширилган.
Марказ жамоат хавфсизлиги жараёнларини қамраб олган ягона ахборот макони. Хусусан, 10 мингдан ортиқ профилактика инспекторларининг фаолияти 6 та йўналиш бўйича назорат қилинади ва баҳоланади.
Бунда "E-Jamoat xavfsizligi», "E-Ijtimoiy vaziyat" каби дастурлар, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат тартибини сақлаш хизматларининг ягона ахборот тизимлари ҳамда 6 мингдан зиёд «ақлли» кузатув камералари интеграцияси қўл келмоқда.
Шунингдек, марказда видеоалоқа орқали профилактика инспекторлари, йўл-патрул, пост- патрул ва пробация ходимлари учун масофавий ўқувлар ўтказилади. Оммавий тадбирларни моделлаштириш орқали ностандарт вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш ва тезкор чоралар кўриш ўргатилади.
Давлат раҳбари бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, соҳа ходимлари юқори технологияларни яхши билиши лозимлигини таъкидлади.
ИИВда учувчисиз қурилмаларни қўллаш бўйича тузилма ташкил этиш вазифаси қўйилди. Жиноятчилик профилактикасини кучайтириш, оммавий тадбирлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча топшириқлар берилди.
2025 йил якунига қадар тизимни рақамлаштиришни 90 фоизга етказиш белгиланган. Ташриф чоғида давлат раҳбарига шу борада ахборот берилди.
Бу жараён уч босқичда амалга оширилмоқда.
Биринчи босқичда муаммолар ўрганилиб, иккинчисида шу асосида мутахассислар ва дастурлар тайёрланди. Жумладан, 66 та ахборот тизими ва модуллари ишлаб чиқилди.Уларга вазирлик ва идораларнинг 77 та ҳамда Ички ишлар вазирлигининг 25 та ахборот тизими интеграция қилинди. Жамоат хавфсизлиги бўлинмалари ходимлари 18 мингдан зиёд планшетлар билан таъминланди ҳамда рақамли қурилмалардан самарали фойдаланиш бўйича ўқитилди.
Натижада 155 та ҳисобот, 37 та иш юритиш соҳаси, юзга яқин қайднома ва йиғма материаллар рақамлаштирилган. Бунинг ҳисобига 213 млрд сўм тежалишига эришилган.
Энди, учинчи босқичда Маълумотларни қайта ишлаш маркази ташкил этиб, соҳага сунъий интеллектни кенг жорий қилиш, ускуналарни маҳаллийлаштириш каби мақсадлар қўйилган.
Шу ерда ички ишлар тизимида қўлланилаётган замонавий техника ва анжомлар намойиш қилинди.
140views5replies
5

Комментарии