Поиск
RUUZ

Реклама

«Диабет академияси»: кучларни бирлаштириш вақти келди

27 апрелдан 11 майга қадар Республика ихтисослаштирилган эндокринология тиббиёт маркази ва Novo Nordisk компанияси ҳамкорлиги доирасида қандли диабет ва диабет касаллигини даволаш усулларини такомиллаштириш ҳамда клиник тажриба алмашишга бағишланган «Диабет академияси» халқаро илмий-маърифий тадбирлари бўлиб ўтди.

129views0replies
0

Академия 3 та йирик шаҳарлар – Тошкент, Самарқанд ва Бухорони қамраб олган бўлиб, мамлакатдан 100 дан ортиқ эндокринолог шифокорларни қандли диабетни даволаш бўйича малака ошириш учун бирлаштирган.
Халқаро қандли диабет федерацияси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда қандли диабетнинг тарқалиши 7 фоизни ташкил этади, бу Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлиб, қандли диабетга қарши кураш муаммосини ўта долзарб масалага айлантиради. Мамлакатда қандли диабет билан касалланган шахсларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш чора-тадбирларига катта эътибор қаратилмоқда. Қандли диабет академияси бу ташаббусларнинг ёрқин намунасидир.
Академиянинг таълим дастури халқаро амалиётдаги долзарб мавзуларни ўз ичига олади: клиник инерцияни бартараф этиш, юрак-қон томир асоратлари менежменти, инсулин терапияси бўйича амалий маслаҳатлар ва бошқалар. Анъанага кўра, дастурда бемор билан мулоқот психологияси бўйича сессия ҳам мавжуд.
Таклиф этилган маърузачи, профессор, тиббиёт фанлари доктори, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ошириш маркази, Эндокринология кафедраси мудири Гулнора Нишоновна Раҳимова:
«Академия эндокринологлар тиббиёт ҳамжамияти учун жуда муҳим. Биз тақдим этган маърузалар халқаро конгрессларда муҳокама қилинган ва диабетни даволаш бўйича сўнгги янгиликларни акс эттиради. Шунингдек, биз диабет касаллигини даволашда энг сўнгги кардиология амалиётларини ёритиб, терапияга мультидисиплинар ёндашувга тўхталдик. Маърузачилар сифатидаги асосий вазифамиз – ҳозирги даволаш алгоритмларидан фойдаланиш қандли диабет асоратларининг олдини олиш, ўлимни камайтириш, беморларнинг умри узунлиги ва сифатини оширишини тушунтиришдан иборат».
Маърузачи тиббиёт фанлари доктори, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази кардиожарроҳлик бўлими илмий раҳбари Муллабаева Гўзал Учқуновна ҳам мультидисиплинар ёндашувни қўллаб-қувватлади:
«Мен иккинчи йил «Диабет академияси»да маърузачи сифатида иштирок этяпман, кардиология ҳамжамиятининг вакилиман. Бугунги кунда қандли диабетни даволашда қандли диабет билан оғриган беморларда юрак-қон томир асоратларининг эрта олдини олишни ҳисобга олиш жуда муҳимдир. Ҳисоботим билан мен ҳамкасбларимга қандли диабетни даволашда комплекс ёндашувнинг аҳамиятини етказмоқчи эдим. Ушбу платформа бошқа эндокринологлар билан билим ва тажриба алмашиш учун ажойиб имкониятдир. Тақдим этилган маърузалар қандли диабетни даволашда мультидисиплинар ёндашувнинг долзарблигини акс эттирди».
Академия ҳар йили назарий ва амалий билимларнинг симбиозини ифодаловчи интерактив сессия форматида ўтказилади. Айнан ушбу тадбирлар формати бутун мамлакат бўйлаб тўпланган мураккаб клиник ҳолатларни тубдан ўрганиш имконини беради. Тадбир иштирокчилари кичик гуруҳларга бўлиниб, шарҳлар ва фикрларни муҳокама қилиш учун самимий муҳит яратдилар.
Бу йил тиббиёт фанлари доктори, Рамат-Ган шаҳридаги «Клалит» касалхонасининг эндокринология, диабетология ва метаболизм клиникаси раҳбари, шунингдек, Тел-Авивдаги (Исроил) «Асута» тиббиёт маркази маслаҳатчиси Евгений Мошкович халқаро эксперт сифатида таклиф этилди. Евгений ўз маърузасида савол-жавоб якунида беморларни бошқариш бўйича ўзининг бой клиник тажрибаси билан ўртоқлашар экан, Ўзбекистон эндокринологлари қандли диабетни даволашда халқаро тавсияларга мувофиқ замонавий ёндашувлардан фойдаланаётганини, шунингдек, академия иштирокчиларини тайёрлаш ва жалб қилишнинг юқори даражада ташкил этилганини алоҳида таъкидлади.
Бухоро ва Самарқандда маърузачилар сафига Грузиядан келган халқаро мутахассислар қўшилди: профессор, Миллий эндокринология институти тиббий директори, Жавахишвили номидаги Тбилиси давлат университети доценти, Грузия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг эндокринология бўйича мутахассиси Елена Романовна Гиоргадзе ва Миллий эндокринология институти доктори, Жавахишвили номидаги Тбилиси давлат университети профессори Тамара Вахтанговна Зерекидзе.
Елена Романовна «Диабет академияси»да иккинчи марта қатнашмоқда:
«Ушбу тадбирга эндокринологлар, айниқса, ёш мутахассисларнинг қизиқиши юқори эканини алоҳида таъкидламоқчиман. Академия иштирокчилари жуда ўйлантирадиган ва қизиқарли саволлар беришади. Ўтган йилги иштирокчиларнинг айримларини эслайман ва академия улар учун долзарблигича қолаётганидан хурсандман. Ишончим комилки, бундай тадбирнинг ўтказилиши мамлакатнинг тиббиёт кадрларини тайёрлашга катта фойда келтиради».
Дори-дармонлар ёрдамида даволаш билан боғлиқ муаммоларни муҳокама қилишдан ташқари, дастурнинг муҳим йўналиши беморлар билан мулоқот қилиш ва клиник инерцияни бартараф этиш психологиясини ўрганиш бўлди. Терапия мақсадларига эришиш учун шифокорларнинг мулоқот қобилиятларини ривожлантириш айниқса муҳимдир. Шифокор ва бемор ўртасидаги онгли ҳамкорлик ҳаёт сифатини ва даволаниш натижаларини сезиларли даражада яхшилайди.
«Диабет академияси» ҳар йили ўз долзарблигини тасдиқламоқда. Ташкилотчилар яна бир марта эндокринологларга ўз тажрибаларини ошириш, клиник тажриба алмашиш ва Ўзбекистон ҳамда бошқа мамлакатлар тиббиёт ҳамжамиятида профессионал алоқаларни мустаҳкамлаш имконини берувчи ноёб таълим платформасини яратишга муваффақ бўлди.
Мақола Novo Nordisk компанияси кўмагида нашр этилди.
Реклама ҳуқуқи асосида
129views0replies
0

Комментарии