Поиск
RUUZ

Общество

Тошкентда Ботир Зокиров ҳайкали ўрнатилди

Президент томонидан Ботир Зокиров меросини чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ишларини давом эттириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасига алоҳида қарор тайёрлаш топширилди.

146views0replies
0

president.uz

Тошкент шаҳрида миллий эстрада санъати асосчиси, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ҳайкали очилганлиги муносабат билан ўтказилган тадбирда президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди, дея хабар бермоқда Президент Матбуот хизмати.
"Бугун ўзига хос санъат ва маданият байрами. Ушбу қувончли воқеа билан сиз, азизларни, раҳматли Ботир Зокировнинг яқинлари ва мухлисларини, бутун халқимизни самимий муборакбод этаман", - деди Президент.
Маълумот ўрнида, Ботир Зокиров 1936 йилда санъаткорлар оиласида туғилиб, вояга етган. 29 ёшида Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлган. 2000 йилда "Буюк хизматлари учун" ва 2021 йилда "Эл-юрт ҳурмати" орденлари билан мукофотланган.
Давлат раҳбари хонанданинг беназир истеъдод ва инсоний фазилатларини эътироф этди.
Ботир Зокиров таҳсил олган Ўзбекистон давлат консерваторияси жойлашган кўчага у кишининг табаррук номи берилди. Ушбу консерватория ҳузурида Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада санъати институти барпо этилди. Энди бу ерда ҳайкал ўрнатилиши мажмуага янада кўрк бағишлади.
"Бу ҳайкал Ботир Зокиров хотирасига ўрнатилган рамзий бир тимсолдир. Айни пайтда Янги Ўзбекистонда маданият ва санъатни равнақ топтириш йўлида олиб бораётган барча ислоҳотларимиз ва уларнинг амалий натижалари бу улуғ ижодкорга энг муносиб ёдгорлик бўлади", – деди давлатимиз раҳбари.
Ботир Зокиров ижодий феномени миллий ўзбек санъати тарихида бутун бир даврни ташкил этиши таъкидланди. Унинг бой меросини чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ишларини давом эттириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасига алоҳида қарор тайёрлаш топширилди.
Унда Тошкент шаҳрида санъаткорнинг мемориал музейини барпо этиш, эстрада санъати бўйича Ботир Зокиров номидаги халқаро кўрик-танлов ва талабалар учун давлат стипендияси жорий этиш, бадиий фильм яратиш, Миллий эстрада симфоник оркестри фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби вазифалар кўзда тутилади.
Маросимда Ботир Зокировнинг издошлари, санъат ва маданият намояндалари сўзга чиқди.
146views0replies
0

Комментарии