Поиск
RUUZ

Криминал

Қорақалпоғистондаги кўзи ожизлар махсус кутубхонасида 670 млн сўм маблағ "еб юборилди"

Мазкур кутубхона биносини қуриш ва жиҳозлаш, «брайл» принтери ва овоз ёзиш студияси учун ажратилган пуллар ўзлаштириб юборилган.

67views0replies
-1

Маълум қилинишича, Бош прокурор ўринбосари Ш.Тўхтабоев бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистонда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг таълим олиши учун яратилган шароитлар аҳволи кўздан кечирилган.
Хусусан, Ишчи гуруҳ томонидан Нукус шаҳрида жойлашган кўзи ожизлар махсус кутубхонасининг маъмурий биносини янгидан қуриш ва жиҳозлаш бўйича амалга оширилган қиймати 10,4 млрд сўмлик пудрат ишлари ўрганилган.
Натижада жами 530,4 млн сўмлик ишлар ҳақиқатда бажарилмаган бўлсада, ҳисоботларга қўшиб ёзиш йўли билан бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланган.
Ачинарлиси, кутубхонани жиҳозлаш мақсадида ажратилган 2 та «брайл» принтери учун 90 млн сўм ва 1 та овоз ёзиш студияси учун 50 млн сўм маблағлар ҳам ўзлаштириб юборилганлиги маълум бўлган.
Оқибатда кўриш қобилиятида нуқсони бор шахсларни қорақалпоқ тилида зарур адабиёт ва аудио материаллар билан таъминлаш имкони чекланган.
Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ҳамда 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
"Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилиб, етказилган зарарни қоплаш чоралари кўрилмоқда",- дейилади хабарда.
67views0replies
-1

Комментарии