Қозоғистонда Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссиясининг 86-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этди. Бу ҳақда Қозоғистон Сув хўжалиги ва ирригация вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув якунлари бўйича суғориш мавсумида "Дўстлик" давлатлараро канали орқали оқиб ўтадиган 922 миллион куб метр сувни Қозоғистонга етказиб бериш келишиб олинди.
Йиғилишда Норин-Сирдарё каскади сув омборларини жорий йилнинг 30 сентябрига қадар фойдаланишнинг прогноз жадвали тасдиқланди.
![](https://api.uznews.uz/storage/uploads/posts/temporary/WlO8T0Z6mOr6PdMqcrJm.png)
Йиғилишда йил бошидан буён Қозоғистон раислик қилаётган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси доирасидаги ишлар алоҳида муҳокама қилинди. Қозоғистон барча ташкилий ишларни якунлади.
"Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик механизмини яратиш тўғрисида"ги шартнома лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилмоқда.
Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссияси навбатдаги йиғилиши жорий йилнинг сентябрь ойида Туркманистонда бўлиб ўтади.