Поиск
RUUZ

Экономика

Президент инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш чора-тадбирларини эълон қилди

Таклифлар қаторида "Инвестициялар тўғрисида"ги қонунни янги таҳрирда қабул қилиш, ер участкаларини хорижий инвесторларга ижарага бериш муддатларини ошириш ва бошқалар ўрин олган.

262views0replies
0

president.uz

Шавкат Мирзиёев бугун, 2 май куни III Тошкент халқаро инвестиция форумида сўзга чиқиб, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган бир қатор аниқ таклифларни тақдим этди.
"Бизнинг асосий мақсадимиз – Ўзбекистон хорижий инвесторлар учун ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорга айланиши. Давлатимиз бозор муносабатларини ривожлантириш, инвесторлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, адолатли рақобат учун кенг имконият ва шарт-шароитлар яратиш, хусусий мулк дахлсизлиги ҳамда суд-ҳуқуқ тизими мустақиллигини таъминлашни кафолатлайди", - деди президент.
Биринчидан, янги таҳрирдаги "Инвестициялар тўғрисида"ги қонунни қабул қиламиз. Ушбу ҳужжат Жаҳон савдо ташкилоти тартиб-қоидалари ва стандартларига мувофиқ ишлаб чиқилди.
Иккинчидан, Халқаро тижорат суди Ўзбекистонда Халқаро рақамли технологиялар марказида иш бошлайди. Шу мақсадда яқин кунларда махсус қонун ҳам қабул қилинади.
Процессуал кодексларга ушбу Халқаро тижорат суди қарорлари тўлақонли ижро этилишига оид меъёрлар ҳам киритилади.
Учинчидан, яқин келажакда саноат зоналари тизимида мутлақо янги ёндашувлар жорий этилади. Инвесторларнинг юқори технологияли лойиҳаларни амалга ошириши учун уларга янада қулай шароитлар яратилади. Саноат зоналарини бошқаришда хусусий операторларни, жумладан, тажрибали хорижий компанияларни фаол жалб этиш амалиёти кенгайтирилади.
Шунингдек, махсус иқтисодий зоналар фаолият муддатлари бўйича чекловлар ҳам бекор қилинади.
Хорижий сармоядорлар учун ерларни ижарага бериш муддати 25 йилдан 49 йилгача, яъни, икки баробар узайтирилади. Бунда, қонунлар билан кафолатланган амалдаги имтиёз ва преференциялар тўлиқ сақлаб қолинади.
Бу масалаларнинг барчаси 3 май куни бўлиб ўтадиган Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги йиғилишида атрофлича муҳокама қилинади.
262views0replies
0

Комментарии