Жорий йилнинг 27 апрель куни соат 23:30 атрофида М.З. ва М.Д. қасддан одам ўлдириш ва ўзганинг мулкини эгаллаш мақсадида ошхона пичоғи билан қуролланиб, Чилонзор туманида жойлашган "Олмазор" метро бекати ёнига келиб, “Yandex Тахи” мобил иловаси орқали такси буюртма беришган.
Уларнинг чақирувига асосан, Gentra автотранспорти ҳайдовчиси А.Ч. етиб келган.
Улар таксига ўтириб, олдиндан тузилган режага мувофиқ, «Тошкент-Термиз» автомобиль йўли орқали Янгийўл тумани ҳудудига боришган.
Сўнгра автомашинани тўхтатишиб, атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, олдиндан тузилган режани амалга оширишни бошлашган. Орқа ўриндиқда ўтирган М.Д. ёнида бўлган ошхона пичоғи билан А.Ч.нинг бўйин ўнг орқа соҳасига бир маротаба уриб, бўйнини қўллари билан бўғаётганда ҳайдовчи А.Ч. қаршилик қила бошлаган. Олд ён ўриндиқда ўтирган М.З. эса жабрланувчининг қўлларини ушлаб турган вақтида туман ИИБнинг тунги навбатчилик гуруҳи аъзолари етиб келган ва 2 йигит қўлга олинган.
Тиббий маълумотномага асосан, фуқаро А.Ч.нинг бўйин ўнг томон соҳасида уриб, санчилган жароҳатлар аниқланганлиги маълум қилинган.
Қайд этилишича, ҳодиса жойидан бир дона ошхона пичоғи ва қонга ўхшаш доғлар ашёвий далил сифатида процессуал тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан ЖКнинг 25, 97-моддаси 2-қисми «и, п» бандлари ва 164-моддаси 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаролар М.З. ва М.Д.га айблов эълон қилинган ва қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда жиноят иши юзасидан туман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.