Поиск
RUUZ

Общество

“Тошкент” халқаро аэропортида салкам 120 минг тонна юк ўтказиш қувватига юк терминали қурилади

Ҳозирда икки босқичда амалга ошириладиган юк терминалини лойиҳалаш ишлари якунланган. Қурилиш 2025 йил охирига қадар давом этиши кутилмоқда.

86views0replies
0

Uzbekistan Airports

“Тошкент” халқаро аэропортида йилига қарийб 120 минг тонна юк ўтказиш қувватига эга янги мажмуа 5,2 гектар майдонда жойлаштирилади. Айни пайтда қурилиши икки босқичда амалга ошириладиган юк терминалини лойиҳалаш ишлари якунланди, дея хабар бермоқда Uzbekistan Airports Матбуот хизмати. 
Қайд этилишича, биринчи босқичда жорий йил охирига қадар умумий майдони 8 минг кв.м бўлган янги юк терминали, жумладан маълум бир ҳарорат режимини сақлашни талаб қиладиган юклар учун 500 кв.м майдонда музлаткич камералари фойдаланишга топширилади.
Шунингдек, импорт/экспорт қилувчи компаниялар ходимлари ва вакиллари учун майдони 3000 кв.м бўлган янги маъмурий бино қурилади. Иккинчи босқичда 2025 йил охирига қадар 12 минг кв.м майдонга эга янги юк омборини қуриш ва фойдаланишга топшириш, шу жумладан умумий майдони 1000 кв.м. бўлган ҳар хил ҳарорат шароитларига эга янги замонавий совитиш ва музлатиш хоналарини қуриш режалаштирилган.
“Ҳозирда 1994-2000 йилларда қурилган юк терминали умумий майдони 3 гектарга яқин бўлган 20 га яқин эскирган кичик ва ўрта омбор ва маъмурий бинолардан иборат. Юк терминалининг ўтказиш қуввати ҳозирда йилига 30 минг тоннани ташкил этади. Бироқ, 2024 йилда тахминан 67 минг тонна юк ва почта жўнатмалари кутилмоқда. Буларнинг барчаси юк терминалини кенгайтириш ва модернизация қилиш заруратидан далолат беради. Янги терминал замонавий ускуналар билан жиҳозланади, бу эса юкларга ишлов бериш вақтини қисқартиради ва ҳаво ташувчиларга умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқ сифатли хизмат кўрсатишни таъминлайди”, — дея таъкидлади "Uzbekistan Airports Cargo" МЧЖ масъул ходими.
Янги иншоот қурилиши Ўзбекистон президентининг 2021 йил 30 апрелдаги “Фуқаролик авиацияси корхоналарини трансформация қилиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5100-сон қарорининг тегишли банди ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
86views0replies
0

Комментарии