Маросимдан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов тор доирада учрашув ўтказдилар.
Шавкат Мирзиёев қўшни давлат президентини 27 сентябрь куни нишонланган байрам – мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги билан табриклади.
“Сизнинг ташрифингиз минтақавий ва халқаро майдонда ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади, - деди Ўзбекистон раҳбари.
“Минтақавий ва халқаро масалаларда бир-биримизни қўллаб-қувватлаяпмиз. Чунки мақсадларимиз ҳамоҳанг”, - дея миннатдочилик билдирди Гурбангули Бердимуҳамедов.
Учрашувда етакчилар Ўзбекистон-Туркманистон кўп қиррали ҳамкорлигида мавжуд масалаларнинг бутун доирасини муҳокама қилиб, конструктив сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратдилар.
Қайд этилишча, кейинги тўрт йилда ўзаро савдо ҳажми уч баробарга кўпайиб, 400 миллион доллардан ошди. Жорий йил бошидан товар айирбошлаш яна 25 фоизга ортди.
Сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликка юқори баҳо берилди. Томонлар 13 сентябрь куни Тошкентда сув хўжалиги масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши муваффақиятли ўтказилганини мамнуният билан қайд этдилар.
Минтақа ва халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашилди. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини мунтазам ўтказиш ҳамда жорий йил 6 август куни Авазада ўтказилган учрашувда эришилган келишувларни амалга ошириш муҳим экани таъкидланди.