Мажбурий ижро бюроси Фарғона вилоят бошқармаси қидирув шўъбаси инспекторлари томонидан олиб борилган навбатдаги тадбир давомида фарзандини моддий таъминотидан бўйин товлаб юрган қарздор яшаш хонадонидаги "қудуқ"дан топилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти МИБ Матбуот хизмати хабар берди.
Олтиариқ туманида яшовчи фуқаро Саиджон турмуш ўртоғи билан оилавий келишмовчиликлар сабаб ажрашиб кетган ва иккинчи томон фарзандини моддий таъминламай қўйган.
Шундан сўнг, она ўз ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда фарзанди ҳаққини талаб қилиб судга мурожаат қилган.
Суд қарорига кўра, ундирувчи аёл фойдасига икки нафар фарзандлари учун ҳар ойда алимент ундириш тартиби белгиланган.
Суд ижро ҳужжати Бюронинг Олтиариқ туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро ҳаракатларига киришилган. Алимент тўламаган эркакнинг қарздорлиги 10 млн сўмдан ортиб кетган бўлсада уни тўлаш ўрнига беркиниб юрган.
Давлат ижрочиси томонидан қидирув эълон қилингандан сўнг, қарздор эркак Тошкент шаҳридаги яшаш хонадонида янги қазилаётган "қудуқ" ичидан топилди.
Қидирувдаги шахс белгиланган тартиб бўйича давлат ижрочисига топширилди.