Шу кунларда айрим ижтимоий тармоқларда Умра зиёратини амалга оширмоқчи бўлган мусулмонлар 14 кун кутишига доир талаб бекор қилингани ҳақида хабар тарқалди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳолатга ойдинлик киритди.
Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги ширкатлар ишлари бош бошқармаси маълумотига кўра, умра зиёрати учун ўрнатилган бир қатор чекловлар Саудия Арабистонида истиқомат қилаётган аҳоли ва подшоҳликда бўлиб турган чет-эл фуқаролари учун юмшатилган.
Жумладан, 28 октябрь кунидан бошлаб, Ҳаж ва Умра вазирлигининг “Иътамарна” (“Умра қилдик”) мобил дастури орқали айни вақтда Саудия Арабистонида истиқомат қилаётган аҳоли ва подшоҳликда бўлиб турган чет-эл фуқаролари учун ўрнатилган 14 кун ичида фақат бир маротаба умра амалини адо этиш чеклови олиб ташланди.
“Содда қилиб айтганда, аввалги тартиб бўйича Макка шаҳрида бўлиб турган фуқаро Масжидул Ҳарамга эҳром кийган ҳолда умранинг тавоф ва саъй амалини бир марта бажаргандан кейин, навбатдаги умра қилиши учун 14 кундан кейин рухсат берилар эди. Эндиликда янги қоидага кўра, Макка шаҳрида истиқомат қилаётган аҳоли ёки ушбу шаҳарда вақтинча яшаб турган хорижликлар бир неча бор умра амалини адо этишлари мумкин бўлади”, - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, хориж мамлакатларидан келадиган фуқароларга қўйилган чекловлар бекор қилингани тўғрисида маълумотлар мавжуд эмас.